Айрим тоифадаги талабаларнинг ётоқхонадаги яшаш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади

Ҳукуматнинг 2026 йил 28 январда қабул қилинган 32-сон қарори билан айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, давлат олий таълим ташкилотларининг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларига, давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқишидан қатъи назар, талабалар турар жойларидаги яшаш харажатлари Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Бунда мазкур имтиёз талабанинг оиласи Ижтимоий реестрда “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасига киритилган санадан бошлаб 12 ой давомида амал қилади.

Шунингдек, ушбу тоифадаги талабалар устувор тартибда ва навбатсиз талабалар турар жойига жойлаштирилади.

Талабалар ҳар ойнинг 7-санасига қадар ўз таълим олаётган олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) номига ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, аризани мустақил равишда kontrakt.edu.uz платформаси орқали ҳам юбориш мумкин.

Қайд этилишича, ариза ҳар бир ўқув йили учун бир маротаба топширилади. Факультетларнинг ёшлар билан ишлаш бўйича масъуллари аризаларни электрон тарзда умумлаштириб, комиссияга тақдим этади. Комиссия эса аризаларни 1 кун ичида кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилади.