Ўзбекистон Марказий банки ҳозирча сўм деноминациясини ўтказиш ёки янги банкноталар чиқаришни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда регулятор раиси Тимур Ишметов 28 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг айтишича, бу борада ҳеч қандай аниқ режа ёки ҳатто ғоя ҳам йўқ. Ҳозирги кунда Марказий банк аҳоли ва бизнес ўртасида сўровномалар ўтказиб, пул муомаласида қандай муаммолар мавжудлигини ўрганиш билан шуғулланмоқда.
Сўровномалар доирасида банк кассалари фаолияти, шунингдек, қайси номиналдаги купюраларга талаб юқори ёки паст экани таҳлил қилинади. Ишметовнинг таъкидлашича, айрим ўзгаришлар, масалан, Тошкент шаҳрида жамоат транспортида нақд пул қабул қилиш тўхтатилгани, пул муомаласи ва банкнотага бўлган талаб тузилмасига таъсир кўрсатиши мумкин.
Марказий банк раисига кўра, ҳозирги асосий мақсад — инфляцияни белгиланган таргет даражага тушириш. Деноминация ёки янги купюралар масаласи эса фақат узоқ муддатли истиқболда, аниқ таҳлиллар асосида кўриб чиқилиши мумкин. Ҳозирча эса бу йўналишда ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.
