Сўнгги кунларда (29–30 январь) мамлакатимизда ноқулай метеорологик шароитлар сабаб ҳаво сифати ёмонлашди. Бу ҳақда Экология миллий қўмитаси маълум қилди.
Мутахассислар таҳлилига кўра, ҳаво ифлосланишига шамолнинг деярли бўлмаслиги, паст шамол тезлиги ва ҳарорат инверсияси асосий сабаб бўлмоқда. Тунги ва эрталабки соатларда совуқ ҳаво ерга яқин жойлашиб, илиқ ҳаво юқори қатламларда қолгани натижасида зарарли заррачалар шаҳар ҳавосида тўпланиб қолган.
Шунингдек, тонгги соатларда кузатилган туман ҳаводаги майда аэрозол заррачалари, жумладан PM2.5 концентрациясини оширган.
Ҳозирда махсус комиссия томонидан экологик рейдлар ва мониторинг ишлари туну кун давом эттирилмоқда. Экология миллий қўмитаси ва Ўзгидромет агентлиги ўзгаришлар бўйича расмий саҳифалари орқали доимий ахборот бериб боради.
