“Ташаббусли бюджет”нинг 2026 йилги 1-мавсуми бошланди: 1 253 та маҳалла иштирок этмайди

2026 йилнинг 1 февраль кунидан “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг навбатдаги — юбилей, ўнинчи мавсуми старт олди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмий ахборот берди.

Маълум қилинишича, мазкур мавсумда аввалги икки мавсумда кетма-кет ғолиб бўлган 1 253 та маҳаллага лойиҳа киритиш учун вақтинчалик танаффус берилган. Амалдаги тартибга кўра, бу маҳаллалар навбатдаги икки мавсум давомида мустақил тарзда лойиҳа тақдим эта олмайди.

Шу билан бирга, мамлакатдаги 23 та туман (шаҳар)да маҳаллалар сони 15 тадан кам бўлгани сабаб, ушбу ҳудудларда танаффус қўлланилмади ва барча маҳаллалар иштирок этиш ҳуқуқини сақлаб қолди.

Муҳим жиҳат шундаки, танаффус берилган маҳаллалар ҳам шерикчилик асосида бошқа маҳаллалар билан ҳамкорликда лойиҳаларни илгари суриши мумкин.

Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига киритилган янги ўзгаришларга мувофиқ:

  • шерикчилик лойиҳаларини молиялаштириш тартиби,
  • маблағларни қайтариб олиш механизми,
  • ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш шартлари

аниқ белгилаб қўйилган.

Маълумот учун, анъанавий овоз бериш босқичи якунларига кўра, ғолиб лойиҳалар 21 март — Наврўз байрами куни эълон қилинади.