2026 йилда Ўзбекистонда болалар нафақаси миқдорини ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департаменти директори Шерзод Меҳамедов журналистлар билан мулоқотда маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, нафақалар инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда индексация қилинади. Хусусан, 2025 йилда болалар нафақаси иш ҳақи ва пенсиялар билан бир қаторда инфляцияга мос равишда қайта кўриб чиқилган.
Шерзод Меҳамедовнинг айтишича, аввалги йилларда ҳар уч оиладан биттаси болалар нафақаси олгани сабабли миқдорни ошириш имконияти чекланган эди. Кейинчалик ижтимоий ёрдам тизими рақамлаштирилиб, манзиллилик кучайтирилди ва маблағлар ҳақиқатан муҳтож оилаларга йўналтирила бошланди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил декабрь ойида Ўзбекистонда йиллик инфляция даражаси 7,3 фоизни ташкил этган.
Ҳозирда кам таъминланган оилаларга:
- 3 ёшгача бола учун — ойига 360 минг сўм,
- 3 ёшдан 18 ёшгача бола учун — 275 минг сўм тўланмоқда.
Иккинчи бола учун қўшимча 165 минг сўм, учинчи ва кейинги ҳар бир бола учун эса 110 минг сўмдан берилади.
