Сўмдаги депозитлар ва кредитлар бўйича реал фоиз ставкалари ўсди

2025 йил якунида аҳоли ва бизнеснинг миллий валютадаги депозитлари бўйича реал даромадлилик ошган, кредитлар эса реал ҳисобда қимматлашган. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида қайд этилди.

Маълум қилинишича, реал фоиз ставкаси номинал фоиз ставка ва инфляцион кутилмалар ўртасидаги фарқни англатиб, депозитларнинг ҳақиқий самарадорлиги ҳамда кредитларнинг ҳақиқий қийматини ифодалайди.

Жисмоний шахсларнинг сўмдаги депозитлари бўйича ўртача тортилган реал фоиз ставкаси йил давомида 6,7 фоиздан 8,2 фоизгача ошган. Энг паст кўрсаткич февраль ойида (5,9 фоиз) қайд этилган бўлса, апрелдан бошлаб узлуксиз ўсиб, ноябрь ойи якунида 8,5 фоиз билан энг юқори даражага етган.

Юридик шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича реал фоиз ставкаси декабрь ойида 4,8 фоизни ташкил этган бўлиб, бу йил бошига нисбатан 1,4 фоиз бандга юқори. Февраль ойидаги энг паст кўрсаткичдан (2,7 фоиз) сўнг, июнь ойида 5,5 фоиз билан максимумга чиққан.

Шу билан бирга, ноябрь ойига нисбатан жисмоний шахсларда депозитлар бўйича реал фоиз ставкаси 0,3 фоиз бандга, юридик шахсларда эса 0,5 фоиз бандга пасайган.

Кредитлар бўйича ҳам реал фоиз ставкалари йил бошидаги пасайишдан кейин сезиларли ошган. Йил якунларига кўра, аҳоли учун ўртача реал фоиз ставкаси 10,1 фоиз (+2,1%), бизнес учун эса 9,4 фоиз (+1,9%) ни ташкил этган.

Тижорат кредитлари бўйича аҳоли учун реал фоиз ставкаси 10,7 фоиз бўлиб, бир ойда 0,5 фоиз бандга, йил бошидан эса 2 фоизга ўсган. Юридик шахсларда ҳам ушбу кўрсаткич 10,7 фоиз бўлиб, январь ойига нисбатан 2,2 фоизга юқори, ноябрь ойига нисбатан эса 0,8 фоиз бандга паст бўлган.

Имтиёзли кредитларнинг реал фоиз ставкалари аҳоли учун –0,1 фоиз, бизнес учун эса –1,1 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, сентябрдан ноябргача ушбу кўрсаткичлар ижобий диапазонда шаклланиб, мос равишда 0,3 фоиз ва 0,1 фоизга етган.