“Инсоний биродарлик учун амалда ишлайдиган қонунлар керак” — Саида Мирзиёева

3 феврал куни БАА пойтахти Абу-Дабида инсоний биродарлик учун Шайх Зоид мукофотининг мажлиси иш бошлади. Мукофот бугун, 4 феврал – Халқаро инсон биродарлиги кунида тантанали тарзда ўз эгаларига топширилади.

Кечаги мажлисда мукофотнинг ҳайъат азолари, глобал миқёсда обрўга эга арбоблар ва инфлюенсерлар иштирок этди. Бу йилги форум жамиятларда барқарорлик ва ўзаро уйғунликни ўстиришда оилалар ва ижтимоий гуруҳларнинг марказий аҳамияти, аёллар етакчилиги ва гуманитар фаоллик масалаларига бағишланди.

Унда мукофот ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам сўзга чиқиб, инсоний биродарликни мустаҳкамлашда аёллар етакчилигининг ўрни ҳақида сўз юритди.

“Ушбу нуфузли Мажлиснинг бир қисми бўлиш мен учун улкан шарафдир. Фурсатдан фойдаланиб, қадр-қиммат, масъулият ва биргаликда яшашни қандай танлашимиз хусусида ўзаро ҳурмат асосида очиқ мулоқот қилишга майдон яратгани учун Бирлашган Араб Амирликларига ва инсоний биродарлик учун Шайх Зоид мукофотига самимий миннатдорлик билдираман.

Биз бугун бўлиниш, қўрқув ва низолар ҳақида кўп эшитамиз. Ишонч мўртлашиб кетди, гаплашиш қийинлашди. Бу ўринда инсоний биродарлик баландпарвоз шиор ёки мавҳум ғоя эмас. Аслида бу амалий танлов: инсонларни тоифа ёки ёрлиқ сифатида эмас, балки инсон сифатида кўриш ва бир-бирига нима бўлаётгани ҳақида қайғуриш демакдир.

Мен ушбу майдонда хотин-қизлар етакчилиги ҳақида сиёсий баёнот ёки замонавий тренддаги мавзу сифатида эмас, балки мутлақо реал нарса сифатида гапирмоқчиман”, – деди Мирзиева.

Унинг сўзларига кўра, кўплаб аёллар учун етакчилик ҳар қандай расмий лавозимларни эгаллашдан анча олдин – оилада, мактабда, шифохонада, маҳаллада бошланади. Бунда масъулият шахсий характерга эга бўлиб, ундаги тажриба қизғин баҳсларда ғалаба қозонишга эмас, балки кўпроқ эҳтимолий зарарнинг олдини олишга, тартибни сақлашга ва келажакда нима бўлишини олдиндан кўра билишга қаратилган фикрлаш ва етакчилик услубини шакллантиради.

“Мен буни болалигимдан кўриб улғайганман. Отам ҳар доим мен ва синглимни мустақил бўлиш йўлида рағбатлантирар ва қўллаб-қувватларди. Онам хотиржам куч ва илиқлик билан оиламизни бирлаштирди. Улардан ўрганган энг катта сабоғим шу бўлдики, ўзаро ҳурмат билан йўғрилмаган ривожланиш узоққа чўзилмайди. Кучли жамиятлар нафақат қонунларга, балки инсонлар ўртасидаги ўзаро ишончга ҳам асосланади ва ишонч кўпинча аёллар ўртасидаги муносабатлар ва етакчилик орқали мустаҳкамланади.

Жамоамда кўплаб хотин-қизлар ишлайди. Улар сиёсатни ишлаб чиқади, муассасаларни бошқаради ва нафақат сарлавҳаларда, балки бутун бошли сиёсий жараёнларга бардош бера оладиган мустаҳкам тизимларни яратади. Дунё кўпинча анъанавий ҳокимият тузилмаларининг ютуқларини олқишлайди: технологиялар, ривожланиш ва кенгайиш. Бироқ айнан шу тузилмалар урушлар ва бутун бошли шаҳарларни ер юзидан йўқ қилиб ташлашга қодир бўлган қуролларни яратишини эсдан чиқаради”, – дея қайд этди ҳайъат аъзоси.

Саида Мирзиёевага кўра, ҳозир инсоний навбатдаги бурилиш нуқтаси остонасида турибди: қонунларимиз ва институтларимиз сунъий интеллектга мослашишга улгурмасидан улар меҳнат, таълим ва ҳокимият тузилмасини ўзгартирмоқда. Мирзиёева бу ўринда қатор саволларни ўртага ташлади.

“Янги дунёни ким қуради? Хотин-қизлар иштирокисиз яратилган иқтисодиётни қабул қила оламизми? Уларнинг фикрини инобатга олмасдан ишлаб чиқилган хавфсизлик сиёсатига рози бўла оламизми? Жамиятнинг ярмини реал таъсир доирасидан четда қолдирадиган “ривожланиш” билан муроса қила оламизми?

Агар шундай қилсак, биз анъанани танламаётган бўламиз. Биз беқарорликни танлаётган бўламиз”, – деди у.

Мирзиёевага кўра, Ўзбекистон бошқача танлов қилган: аёллар ҳозирда парламентдаги ўринларнинг қарийб 40 фоизини эгаллайди. “Биз фақат вакиллик органларининг ўзи етарли эмаслигини тан оламиз. Ижро ҳокимияти ҳам янада мувозанатли бўлиши керак ва бу муҳим ҳамда доимий миллий устувор вазифа бўлиб қолади”, – деди у.

Администрация раҳбари глобал миқёсда ўзгаришлар ҳақида гапираркан, тенгсизлик ва иқлим масъулияти ҳақида жонкуярлик билан сўзловчи Миа Амор Моттли ва таҳдидлар остидаги қизларнинг таълимини ҳимоя қилган Зарқа Яфтали каби етакчилар фаолиятини эътироф этди.

“Яна бир ҳақиқат борки, уни очиқ айтишимиз керак. Агар оилада зўравонликка йўл қўйилса, биродарлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Агар таҳқирлаш одатий ҳол бўлса, қадр-қиммат ҳақида гапириш бефойда. Агар ҳимоя мавжуд бўлмаса, тенглик ҳақида гапириш мумкинми?

Хавфсизлик бўлмаган оиладаги тинчлик ҳақиқий тинчлик эмаслигини, сукут жабрланувчини эмас, зўравонни ҳимоя қилишини етакчи аёллар очиқ айтишади.

Биродарликка ишонишини даъво қиладиган давлат буни нафақат нутқлар орқали, балки ишлайдиган ва амалга ошириладиган қонунлар, самарали ва халқчил судлар ва инсонларни изчил ҳимоя қиладиган муассасалар орқали исботлаши керак”, – деди Мирзиёева.

Саида Мирзиёевага кўра, бу – “аёллар табиатан яхшироқ бошқаради” деган даъво эмас. Гап амалий воқеликни тан олиш ҳақида бормоқда: тор доирадаги гуруҳ томонидан бошқариладиган тизимлар инсон қадрини кўрмай қолади.

“Аёллар иштирок этганда, қарорлар сиёсий манфаатларни эмас, балки инсон қадр-қимматини ҳисобга олишга мойил бўлади. Тезкор ғалабалар эмас, узоқ муддатли барқарорлик, абстракциялар эмас, одамлар муҳим.

Инсоний биродарлик айнан шундай қурилади: сокинлик ва том маънода, кимга ишониб, кимнинг овозини эшитиб, кимнидир ҳеч қачон четга суриб қўймаслик орқали шаклланади.

Бу бир йилда бир марта гапириладиган нарса эмас. Бу ҳар куни амалда намоён қилинадиган нарса. Ва уни мустаҳкамлашда ҳар биримизнинг ўрнимиз бор”, – деди у.

Эслатиб ўтамиз, Шайх Зайд номидаги “Инсоний биродарлик” халқаро мукофоти 2019 йилда БАА асосчиси Шайх Зайд бин Султон Ол Наҳаён шарафига таъсис этилган. Мукофот ҳар йили 4 феврал – Халқаро инсон биродарлиги кунида топширилади. Лауреатларга 1 млн АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади.

Ушбу мукофот билан инсонлар ўртасидаги биродарликни мустаҳкамлаш, бағрикенглик, тинчлик, инсонпарварлик ва маданиятлараро мулоқотни тарғиб қилишда алоҳида хизмат кўрсатган шахслар ва ташкилотлар тақдирланади.