Машҳурлар номидан чиқиб, фирибгарлар британиялик аёлни олти бор алдаган

Буюк Британияда яшовчи аёл мураккаб ва пухта ўйланган фирибгарлик схемасининг қурбонига айланди. У икки йил давомида ўзини жаҳонга машҳур шахслар сифатида таништирган фирибгарлар томонидан олти марта алданиб, жами 250 минг фунт стерлинг маблағдан айрилди. Бу ҳақда The Tab нашри хабар берди.

Биринчи ҳолат аёл интернет орқали ўзини актёр Александр Людвиг ( “Очлик ўйинлари” фильми ва “Викинглар” сериали юлдузи) деб таништирган шахс билан танишган пайтда содир бўлган. Ишонч қозонгандан сўнг, фирибгар ундан ёрдам сўраб, аёлни 3 минг фунт стерлинг, шунингдек, қиймати тахминан 9 минг фунтга тенг биткоинлар ўтказишга кўндирган.

Орадан бироз вақт ўтиб, аёл билан яна бир шахс боғланган. У ҳам ўзини Александр Людвиг деб таништириб, аввалги алдоқчини фош қилишини айтган ва “ҳақиқий машҳур” эканини таъкидлаган. Бунга ишонган аёл унга 100 минг фунт стерлингдан ортиқ маблағ ўтказган.

Шунга ўхшаш ҳолатлар яна бир неча бор такрорланган. Бу гал аферистлар ўзларини актёр Чарли Ханнэм, шунингдек, мусиқачилар Майкл Рэй ва Ники Бирн сифатида таништирган.

Фирибгарларнинг талабларини бажариш учун аёл ҳатто уйи ва автомобилини сотишга мажбур бўлган. У фақатгина “машҳур” шахслардан бири шахсан учрашувдан турли баҳоналар билан бош тортганидан сўнг алданганини англаб етган. Шундан кейин у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.