Гавананинг асосий халқаро аэропорти — Хосе Марти номидаги аэропорт 10 февралдан 11 мартгача самолётларга авиаёқилғи қуйишни вақтинча тўхтатади. Бу ҳақда АҚШ Федерал авиация бошқармаси томонидан тарқатилган расмий огоҳлантиришда (NOTAM) маълум қилинди.
Шу билан бирга, аэропорт фаолияти тўлиқ тўхтатилмайди. Диспетчерлик хизматлари маълумотларига кўра, Куба ҳаво ҳудуди орқали транзит парвозлар одатий тартибда, ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилмоқда.
Шунга ўхшаш чеклов Варадеро аэропортига ҳам татбиқ этилган. Бироқ аэропортлар рейсларга хизмат кўрсатишда давом этади. Таъкидланишича, авиакомпаниялар 10 февралдан 11 мартгача Гаванага парвозларни амалга ошириши мумкин, агар самолётларда қайтиб кетиш учун етарли ёқилғи захираси мавжуд бўлса.
Кубада ёқилғи танқислиги 3 январь куни АҚШ томонидан Венесуэлада ўтказилган ҳарбий операциядан сўнг кескинлашди. Венесуэла илгари Кубанинг асосий нефть етказиб берувчиларидан бири бўлган. Бундан ташқари, АҚШ маъмурияти томонидан қабул қилинган фармон ҳам вазиятни оғирлаштирди — унга кўра, Кубага нефт маҳсулотлари етказиб берувчи ҳар қандай давлатга нисбатан бож тўловлари жорий этилиши мумкин.
Куба ташқи ишлар вазири Бруно Родригес Паррилья ушбу чораларни кескин қоралаб, улар ёқилғи таъминотида “тўлиқ блокада хавфи”ни юзага келтираётганини, халқаро савдо тамойилларини бузишини ҳамда мамлакат аҳолиси учун “ўта оғир шароитлар” яратаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, Туроператорлар ассоциацияси (АТОР) маълумотларига кўра, Россия авиакомпаниялари Кубада ёқилғи билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаяпти. Ёқилғи асосий туристик аэропортларда, жумладан Варадеро, Кайо-Коко ва Ольгин аэропортларида етарли миқдорда мавжуд.
