Айни кунларда Германиянинг Котбус шаҳри спорт гимнастикаси бўйича навбатдаги Жаҳон кубоги босқичига мезбонлик қилмоқда. Ўзбекистон терма жамоасининг фахрий аъзоси Оксана Чусовитина ушбу нуфузли мусобақада иштирок этиб, яна ўзининг юқори маҳоратини намойиш этди.
50 ёшли гимнастикачимиз ўзининг асосий ихтисослиги ҳисобланган таяниб сакраш дастурида саралаш баҳсларидан муваффақиятли ўтиб, 13.133 балл жамғаришга эришди. Ушбу кўрсаткич унга мусобақанинг финал босқичига йўлланмани таъминлади. Эндиликда ҳамюртимиз финалда медаллар учун курашни давом эттиради.
Оксана Чусовитина дунё спорти тарихида саккизта Олимпиадада қатнашган ягона гимнастикачи сифатида ном қолдирган. У 1992 йилги Барселона Олимпиадасида олтин (Собиқ Иттифоқ мамлакатлари жамоаси таркибида) ва 2008 йилги Пекин Олимпиадасида кумуш медаль (Германия шарафини ҳимоя қилиб) соҳибаси бўлган. Жаҳон чемпионатлари доирасида 3 та олтин (Индианаполис-1991да иккита, Анаҳайм-2003да битта), 4 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритган.
Оксананинг энг катта орзуларидан бири — мустақил Ўзбекистон байроғи остида Олимпиада медалини қўлга киритиш бўлган. Афсуски, Рио ва Токио Олимпиадаларида унга медаль насиб этмади. Айниқса, Токио-2020 Олимпиадаси олдидан юз берган “байроқдорлик” воқеаси спортчига руҳий зарба бўлган эди. Аввалига байроқдор сифатида эълон қилинган Чусовитина, кейинчалик ҳеч қандай тушунтиришларсиз бу вазифадан четлатилган.
2021 йилда у яна катта спортга қайтганини ва Осиё ўйинлари ҳамда Париж Олимпиадасида иштирок этиш мақсади борлигини билдирган эди. 2023 йилги Ханчжоу Осиё ўйинларида у 4-ўринни эгаллади. Тошкентда ўтган лицензион турнирдаги жароҳат туфайли унинг Олимпиада сари навбатдаги қадами бироз тўхтаб қолган бўлса-да, Чусовитина таслим бўлишни билмайди. У Лос-Анжелесдаги Олимпиадада иштирок этишни мақсад қилган.
