Тадбиркорнинг мулки “қоғозда” икки баробар кўпайтирилган: 3 йиллик сарсонгарчиликка нуқта қўйилди

Самарқанд вилояти Иштихон туманида фаолият юритувчи “IAMI” МЧЖ раҳбарияти ер солиғи асоссиз равишда ортиқча ҳисоблангани юзасидан амалда ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.

Ўрганиш жараёнида аниқланишича, жамиятга тегишли ер майдони 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра амалда 45 700 кв.мни ташкил этган. Бироқ Давлат кадастрлари палатаси Иштихон туман филиали масъуллари томонидан 2022 йил 13 декабрь куни солиқ органлари билан интеграциялашган ахборот тизими орқали юборилган маълумотларда ер майдони 82 900 кв.м деб нотўғри кўрсатилган.

Натижада жамиятга ер солиғи асоссиз равишда ортиқча ҳисобланган.

Эътиборлиси, тадбиркор ушбу хатоликни тузатиш мақсадида 3 йил давомида бир неча бор Кадастрлар палатасига мурожаат қилган, аммо муаммо ҳал этилмаган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 28-моддасига мувофиқ, ўз эгалигида ва фойдаланишида ҳамда мулкида ер участкалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ердан фойдаланганлик учун ҳақ тўлайди. Бироқ мазкур ҳолатда кадастр органлари тадбиркорнинг эгалигида ва фойдаланишида бўлмаган ер участкаси бўйича солиқ идорасига нотўғри маълумот юборган ва шу асосда унга нисбатан ортиқча солиқ ҳисобланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Вакил девони томонидан Кадастр агентлигига тақдимнома киритилди. Кўрилган чоралар натижасида жамиятга тегишли ер майдони ҳажмини амалдаги 45 700 кв.мга мувофиқлаштириш бўйича солиқ органларига аниқлаштирилган маълумот юборилиши, шунингдек ортиқча ҳисобланган солиқ суммаларини бекор қилиш таъминланди.