Яқинда ижтимоий тармоқларда “Uzbelas” лойиҳаси вакиллари билан ўтказилган интервью кўплаб эътирозларга сабаб бўлди. Унда ёшлар BMW автомобилларига ноқонуний равишда милтилловчи чироқлар (мигалка) ўрнатиб, кўчада тартибсизлик келтириб чиқарганларини гўёки бир “қаҳрамонлик” ёки “ҳайп” сифатида сўзлаб беришган. Энг ёмони, бу ишидан уялиш ўрнига, жарима билан қутилиб қолганларини фахр билан тилга олишган. Бу шунчаки бир гуруҳ ёшларнинг шўхлиги эмас, балки жамиятимиздаги чуқурроқ тизимли муаммонинг мевасидир.
Қонун бузиш “Обрў” белгиси сифатида
Соғлом жамиятда инсон қонунни бузиб қўйса, ундан уялади, буни яширишга ҳаракат қилади. Аммо бизда аксинча ҳолат шаклланмоқда: Сиз қанчалик “кучли” бўлсангиз, қонунни шунчалик очиқчасига буза оласиз.
Бу — ёмон сигнал. Одамлар онгида “Қонун ҳамма учун тенг” деган тамойил ўрнига, “Қонун фақат таниши йўқларга ишлайди” деган хавфли тушунча илдиз отмоқда. Видеодаги ёшларнинг “кичик жарима билан қутулдик” дея кулиб гапириши, уларнинг қонундан эмас, қонуннинг улар олдидаги ожизлигидан завқланаётганини кўрсатади.
Жарималарнинг «савдо»га айланиши
Видеода қонунбузарлик учун тўланган жарима худди «хизмат ҳақи»дек талқин қилиняпти. Яъни, «мен қонунни буздим, ҳаққини (жаримасини) тўладим, демак ҳисоб-китобимиз тўғри». Бу энг хавфли ёндашув. Жарима бу инсонни қайта тарбиялаш воситаси бўлиши керак, қонунбузарлик қилиш ҳуқуқини сотиб олувчи чек эмас. Агар жазо қонунбузар учун молиявий жиҳатдан сезилмас даражада бўлса, демак, бу тизим фақат камбағаллар учунгина «тақиқ» бўлиб қолаверади.
Ижтимоий масъулиятнинг йўқлиги
Минглаб ёшлар кузатадиган блогерлар ёки лойиҳа раҳбарлари ўзларининг нақадар катта масъулият кўтариб юрганини англашмаяпти. Уларнинг ҳар бир гапи — ёш авлод учун «яшаш формуласи». Кўчада машинани тартибсиз ҳайдаб, сўнг интервьюда «мазза қилиб» гапириш — эртага юзлаб ёшларнинг худди шу ишни такрорлашига, кўчалардаги хавфсизликнинг йўқолишига олиб келади. Улар учун бу «хайп», лекин бошқа биров учун бу фожиа бўлиши мумкин.
Тизим юбораётган сигнал
Нега бундай одамлар жамият олдида изза бўлишдан қўрқмайди? Чунки улар тизимнинг заиф нуқтасини топиб олишган. Агар жамиятда қонуннинг кучи унинг ҳамма учун тенглиги билан эмас, балки кимнингдир «қўли узунлиги» билан ўлчанса, одамлар онгли равишда энг тўғри йўл қонунни бузиш ва ундан қутилиш эканига ишона бошлайди.
Биз қачонки мана шундай «кўча қаҳрамонлари»ни олқишлашни тўхтатиб, уларга нисбатан ижтимоий нафрат ва қатъий ҳуқуқий чекловларни кўрсата олсаккина, вазият ўзгаради. Қонун бу тавсия эмас, у ҳамма учун мажбуриятдир. Айниқса, жамиятга таъсир ўтказа оладиган, қўлида катта имконияти бор қатлам учун бу мажбурият икки ҳисса ортиқ бўлиши шарт.
