Афғонистон ва Покистон ўртасида кескинлик: ОАВ ядровий объектга зарба ҳақида хабар берди

Афғонистон ҳарбийлари Покистон ҳудудидаги объектларга зарба бергани ҳақида “Ariana News” телеканали хабар тарқатди.

Манба маълумотига кўра, ҳужумлар Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Абботтобод тумани яқинидаги объектларга қаратилган. Нишонлар орасида ядровий полигон ҳамда Какулда жойлашган Pakistan Military Academy (PMA) тилга олинган. Академия Покистон Қуруқлик қўшинлари учун офицерлар тайёрлайдиган асосий ҳарбий ўқув маркази ҳисобланади.

Телеканал “юзлаб ҳалок бўлганлар ва ярадорлар” ҳақида хабар берган, жабрланганлар шифохоналарга етказилгани айтилган. “Толибон” томони Абботтободдаги зарбаларни тасдиқлагани қайд этилмоқда. Шунингдек, Файсалобод яқинидаги ҳарбий лагер ва Жамруддаги база ҳам нишонга олингани хабар қилинган.

Афғонистон томони бу ҳаракатларни аввалроқ Қобул, Қандаҳор ва Пактия ҳудудларига берилган зарбаларга жавоб сифатида изоҳлаган.

Сўнгги кунларда икки давлат ўртасида чегара ҳудудларида қуролли тўқнашувлар кучайган. 24 февралдан бошлаб кескинлик авж олган бўлса, 26 февраль куни Афғонистон кенг кўламли ҳарбий операция бошлагани айтилмоқда. Айрим ОАВлар афғон томони ўз ҳаво ҳудудига кирган Покистон самолётини уриб туширганини ҳам хабар қилган.

Покистон Мудофаа вазири Хожа Осиф Афғонистондаги толиблар ҳукуматига нисбатан “очиқ уруш” эълон қилинганини маълум қилган.

Ҳозирча расмий манбалар томонидан барча маълумотлар тўлиқ тасдиқлангани ҳақида ягона баёнот берилмаган. Вазият бўйича халқаро ҳамжамият диққат билан кузатув олиб бормоқда.