Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган “Чоштепа” археология ёдгорлигига зарар етказилгани ҳақида турли маълумотлар тарқалган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2026 йил 6 март куни Маданий мерос агентлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси бош мутахассислари томонидан мазкур археология ёдгорлиги ҳудудида жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганиш давомида археология ёдгорлиги ҳудудида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши хулосасисиз дарахт кўчатлари экиб қўйилгани, кейинчалик эса номаълум шахслар томонидан ушбу кўчатлар кесиб ташлангани аниқланган.
Мутахассислар таъкидлашича, археология ёдгорликлари ҳудудида дарахт экиш илдизлар ўсиши натижасида тарихий-маданий қатламларга зарар етказиши мумкин. Шу билан бирга, жойида ўтказилган ўрганишлар натижасида кесилган дарахтлар археология ёдгорлигининг тарихий қатламларига зарар етказмагани қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ёдгорлик атрофида яшовчи фуқароларга тушунтириш ишлари олиб борилиб, моддий маданий мерос объектлари ҳудудида қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш бўйича зарур кўрсатмалар берилган. Масала Маданий мерос агентлиги томонидан назоратга олинган.
Маълумот учун, “Чоштепа” археология ёдгорлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.
