Ўзбекистонда АЭС қурилиши учун ҳудуд танлаш бўйича хавфсизлик талаблари тасдиқланди

Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриладиган ҳудуд ва майдончаларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари тасдиқланди. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, тегишли қарор Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан қабул қилиниб, Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ҳужжатга кўра, АЭС қурилиши учун майдон танлашда ҳудуднинг геологик, сейсмик, гидрологик ва экологик хусусиятлари албатта ўрганилади. Шунингдек, табиий ва техноген хавфлар, атроф-муҳитга таъсир ҳамда аҳоли хавфсизлиги билан боғлиқ омиллар мажбурий тарзда ҳисобга олинади.

Белгиланган талабларга мувофиқ, АЭСни фаол тектоник ёриқлар мавжуд жойларда, ер ости сувлари сатҳи юқори бўлган ҳудудларда ёки максимал ҳисобланган зилзила жадаллиги 8 баллдан юқори бўлган майдонларда қуришга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга, карст жараёнлари кенг тарқалган ёки экологик қонунчиликка кўра тақиқланган ҳудудларда ҳам станция жойлаштирилмайди.

Қарорда АЭС лойиҳасини ишлаб чиқишда зилзила, сув тошқинлари, кучли ёғингарчилик, кўчки ва кучли шамол каби табиий хавфлар эҳтимолини алоҳида баҳолаш белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, станция атрофидаги портловчи моддалар омборлари, нефть ва газ қувурлари, саноат корхоналари ҳамда транспорт йўллари каби техноген хавф манбалари ҳам инобатга олинади.

Ҳужжатга асосан, АЭС лойиҳасида атроф-муҳит мониторинги, радиация тарқалиши эҳтимоли, сув ва тупроқнинг ифлосланиш хавфи доимий назоратда бўлади. Эксплуатация қилувчи ташкилот бутун фаолият давомида атроф-муҳит ҳолатини кузатиб бориши ва натижаларни мунтазам қайд этиши шарт.

Шунингдек, фавқулодда вазиятлар содир бўлган тақдирда аҳолини ҳимоя қилиш чоралари ҳам олдиндан режалаштирилади. Жумладан, эвакуация режаларини ишлаб чиқиш, транспорт коммуникацияларини ҳисобга олиш ва АЭС атрофида аҳоли зичлигини назорат қилиш кўзда тутилган.

Мазкур талаблар атом электр станцияси қурилиши ва уни эксплуатация қилиш жараёнида радиация хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган. Ҳужжат талабларини бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилиши белгиланган.