Президентнинг 2026 йил 6 мартдаги ПҚ–87-сон қарорига кўра, 2026 йилдан бошлаб пилла етиштириш бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят ва туман ҳокимлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичи — KPI сифатида баҳоланади.
Ҳужжат билан ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, аҳолини қўллаб-қувватлаш ва ҳудудлар масъулиятини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгиланган. Эътиборли жиҳати, қарорда соҳани ривожлантириш фақат иқтисодий кўрсаткич эмас, балки ҳокимлар иш самарадорлигини баҳоловчи амалий мезонга айлантирилмоқда.
Қарорга мувофиқ, 2026–2030 йилларда 3 минг гектар ерда тутзорлар ташкил этилиб, 6 минг камбағал оилага ер берилади. Жумладан, 2026 йилнинг ўзида 2 минг гектар ер майдони 4 минг оилага 10 йил муддатга оилавий пудрат шартномаси асосида бепул ижарага ажратилади.
Шунингдек, пиллачиликни рағбатлантириш учун аҳоли ва тадбиркорларга бир қатор молиявий имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, ипак қурти боқувчи ва касаначиларга пилла учун тўланган маблағнинг 35 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Ўрмон агентлиги балансидаги ерларда ташкил этиладиган тутзорларда пилла кооперативи тузиш учун камбағал оилаларга бир марта 4 миллион сўмдан субсидия берилади. Касаначиларга эса асбоб-ускуна ва жиҳозлар хариди учун 3 йил муддатга, БҲМнинг 50 бараваригача фоизсиз ссуда ажратилади.
Мавсумий ишчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам назарда тутилган. Ипак қурти уруғини тайёрлашга жалб қилинадиган ҳар бир мавсумий ишчининг ойлик иш ҳақининг 50 фоизи компенсация қилиб берилади. Бунда тўлов меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан ошмаслиги керак. Ушбу соҳада мавсумий ишга жалб қилинган аҳолининг даромади эса жисмоний шахслар даромад солиғи ва ижтимоий солиқ объекти ҳисобланмайди.
Қарор билан пиллачилик кластерлари ва ипакчилик корхоналари учун солиқ имтиёзлари ҳам жорий этилган. Хусусан, 2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар пиллачилик кластерларининг пила етиштириш ва сақлаш учун фойдаланиладиган бино-иншоотлари мол-мулк солиғидан, ер участкалари эса ер солиғидан озод қилинади. “4А” ва ундан юқори сифатдаги маҳсулот ишлаб чиқарувчи ипакчилик корхоналари учун фойда солиғи 2 фоиз қилиб белгиланган. Ипак мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз ставкада қўлланади.
Соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш учун қўшимча кредит ва бюджет маблағлари ҳам йўналтирилади. Пиллачилик кластерларига куртхона қуриш учун 5 йил муддатгача, йиллик 14 фоиз ставкада кредит ажратилади. Ипак қурти уруғини харид қилиш учун 12 ой муддатгача, 6 ойлик имтиёзли давр билан, йиллик 14 фоиз ставкада кредит берилади. Айланма маблағ учун эса 24 ой муддатгача, 6 ойлик имтиёзли давр билан, йиллик 7 фоиз ставкада кредит ажратилади.
Бундан ташқари, 2026 йилда республика бюджетидан 5 йил муддатга 60 миллиард сўм бюджет ссудаси ажратилиши белгиланган. Майдони 2 гектар ва ундан зиёд тутзорларда вертикал қудуқ қазиш, насос станциялари ва сув иншоотларини қуриш ёки реконструкция қилиш харажатларининг 100 фоизи, бироқ 150 миллион сўмдан ошмаган қисми субсидия қилиб берилади. Шунингдек, ПФ–72-сон фармонда назарда тутилган 15 миллион АҚШ долларининг қолдиқ қисми 2026–2028 йилларда ипакчилик саноати корхоналарининг инвестиция лойиҳаларига йўналтирилади.
