Магнитлар аллақачон замонавий ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган — уларни электроника, маиший техника ва кўплаб бошқа қурилмаларда учратиш мумкин. Энг кучли магнитлар эса илмий тадқиқотлар ва юқори технологияли соҳаларда қўлланилади. Бироқ бундай қурилмалар одатда жуда катта ҳажмли бўлиб, ҳаддан ташқари кўп энергия талаб қилади. Яқинда бир гуруҳ олимлар магнит тизимлари ҳақидаги тасаввурларни тубдан ўзгартириши мумкин бўлган янги ишланмани тақдим этди. Тадқиқот натижалари Science Advances журналида эълон қилинди.
Янги технологиянинг сири нимада?
Тадқиқотчилар юқори ҳароратли ўта ўтказгич материаллар асосида иккита миниатюр магнит яратди. Улар мис, барий ва ноёб ер элементлари оксидидан иборат REBCO қопламали ўтказувчи лента билан ўралган. Қурилма конфигурациясига қараб — икки ёки тўрт ғалтакли шаклда — мос равишда 38 ва 42 Тесла кучланишдаги магнит майдонини ҳосил қилади.
Таққослаш учун, АҚШдаги Миллий кучли магнит майдони лабораториясида ўрнатилган дунёдаги энг кучли стационар магнит 45,5 Теслага етади. Хитойдаги энг кучли резистив магнит эса 42,02 Тесла кўрсаткичга эга. Янги қурилма қуввати жиҳатидан улардан қолишмайди, аммо анча ихчам ва тежамкор ҳисобланади.
Тадқиқот муаллифлари шундай дейди:
«Ток зичлиги анча юқори бўлишига қарамай, бу магнитлар бир неча минг баробар кам энергия сарфлайди. Унинг ғалтаги ҳажми эса 45,5 Теслали гибрид магнитникидан 1000 мартадан ҳам кичик».
Ҳайратланарли кўрсаткичлар ва хавфсизлик
Ернинг магнит майдони атиги 25–64 микротесла атрофида бўлади. Демак, янги магнит сайёрамиз майдонидан тахминан бир миллион марта кучлироқ. Бироқ унинг ихчамлигига қараб бепарво муносабатда бўлиш ярамайди: магнит майдонининг кучланиши FDA (АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика идораси) белгилаган хавфсиз меъёрлардан анча юқори, ўта ўтказгичлар ишлайдиган ҳарорат эса тахминан –195°C ни ташкил қилади.
Коинотдаги ва ердаги рекордлар
Қиёс учун, инсоният яратган энг кучли магнит бир вақтлар 1200 Теслага етган, аммо у ишга туширилганида лабораторияни вайрон қилган. Табиатда эса мутлақ рекордчилар — магнетарлар, яъни магнит майдони 100 миллиард Теслагача етадиган нейтрон юлдузлардир. Агар шундай объект Ер билан Ой оралиғи масофасининг ярмида пайдо бўлганида, сайёрамиздаги барча магнит сақлагичларни (дисклар, карталар) бир зумда йўқ қилган бўлар эди.
