Наманганда муқаддам қотилликка қўл урган 64 яшар қайнота ўзаро можаро сабаб 31 ёшли келинини ўлдириб қўйди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.
Воқеа 2021 йил 7 сентябрь куни Учқўрғон туманида содир бўлди. Шу туманда яшовчи, 1957 йилда туғилган Ғофир Неъматуллаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда келини, 1990 йилда туғилган Наргиза Баҳромова билан оилавий келишмовчиликлар сабаб тортишиб қолади. Ўзаро можаро ортидан қайнота уйида бўлган пичоқ билан келиннинг юраги ва қорнига бир неча маротаба зарба бериб, қасддан ўлдиради.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, Неъматуллаев қўлга олинган. У муқаддам Жиноят кодексининг 97-моддаси, 2-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан судланган бўлган.
Марҳум Наргиза Баҳромова оиланинг катта келини эди. Ундан икки фарзанд—5 яшар қиз ва 2 яшар ўғил қолди.