Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой» курорт зонасида 700 туп атрофидаги қимматбаҳо дарахтлар кесиб ташланганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Хаёт Шамсутдинов телеграмм саҳифасида маълум қилди.
Аввалроқ Расул Кушербаев дарахтлар кесилгани эътиборсиз қолдирилаётгани, раҳбарлар билиб туриб билмасликка олаётгани ҳақида маълум қилганди.«Баъзан тушунмай дарахт кесиб қўйибди, деган бахоналарни эшитиб қоламиз. Балки ростанам дарахт кесиш мумкинмаслигини билмагандир, дейиш мумкин. Лекин ҳамма нарсадан хабари бор, нуфузли ташкилотдагиларнинг ҳам қонунларга тупуриб қўйганини қандай тушуниш мумкин?!
Масалан, кўпчилигимиз эшитган Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой» курорт зонаси маъмуриятининг яқинда нақд 700 туп атрофидаги қимматбахо дарахтларни кесиб ташлаганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Шунча гапдан кейин ҳам ҳар хил баҳоналар билан дарахткесарлик давом этмоқда. Бунча катта «дух» қаердан пайдо бўлди?
Ҳолат бўйича экология қўмитаси томонидан прокуратурага тақдим этилган материаллар ими-жимида ёпилиб кетмаслиги керак. Гап ортга қайтариб бўлмайдиган 700 туп дарахт ва салкам 400 миллион сўмлик табиатга етказилган зарар ҳақида кетмоқда.Ўзи курорт маъмурияти одамлар тоғнинг дарахтзор табиатида дам олиш учун ҳам курортларга боришини билармикан. Масъуллардан изох кутамиз», дея ёзганди депутат.