Ҳаммага маълумки, 28 cентябрь — 3 октябрь кунлари «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Мазкур фестивалда меҳмонлар қаторида ҳинд, турк ва бошқа таниқли киноюлдузларни кўришимиз мумкин. Улар орасида Митхун Чакраборти , Ҳума Қуреши , Санжай Гупта, Ўзжан Дениз, Сердар Ўртач, Мелиса Асли Пампук, Назан Кесал, Филез Аҳмет, Стивен Сигал ва бошқалар бор.
Тағин бу ҳаммаси эмас, кинофестивалга 150 дан зиёд машҳур киноижодкорлар келиши кутилмоқда.
Бугун уларнинг аксарияти етиб келгани ҳақида хабарлар тарқалди. Гуллар, бир гала оломон уларни олқишлаб кутиб олди.
Қизиқ, ўзи шундоқ ҳам жар ёқасида эмас, жарга қулаб бўлган ўзбек киносининг нимасини дунёга кўрсатмоқчимиз? Бу яқин ўн-йигирма йилликда бирорта эсда қоларли кино олдикми? «Бир кўришлик»дан бир поғона бўлса ҳам ошдими?
«Мендурман Жалолиддин»ни турклар ишлади. Асосий сармоя ҳам уларга кетди. Тўғри ўзимизда бир икки «уста»лар яхшигина уй-жой машинали, катта бизнесли бўлиб олишди, бироқ асосий сармоя четга чиқиб кетди.
Ўзбек бировга ошлатиб маза қилади дегани рост гап шекилли. Бир томонда халқ қишга тезак ғамлаб оввора, бир томонда тепа қатлам иштоннинг ямоғини беркитиб оввора. Бу ёқда ташқи қарзлар ўсгандан ўсиб, нақд 35 млрд. доллар бўлди. Фестиваль баҳона яна бирор 10 млрд. доллар қарз олсак ҳам ажаб эмас.
Биз боймиз. 150 мамлакатдан келаётган меҳмон учун қанча сарф-харажат кетади? Ётиш-туриши, еб-ичиши, совға-салом… Бу ҳам етмагандек уларни чақириш учун «қадам ҳаққи» ҳам кичкина пул турмас.
Биргина Бурак Узчивит 2019 йил Тошкентга ташриф буюриб 379 минг доллар ишлаб олган эди. Тағин чўнтаги чуқур «каттакон»ларнинг хотинлари фалон пул тўлаб актёр билан бирга тушлик қилганди.
Коронавирус дунё бўйлаб тарқалгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлар. Пандемия бутун халқни эзиб қўйди. Расмийлар бунақа тадбирлар олди статистикани ҳам атай пастлатишни буюради. Тадбир ўтиб бўлгач касалланиш авж олади. Эртадан бошланадиган кинофестивалда ҳам «ит эгасини, мушук божаси»ни танимай қолиши табиий. Халқ урра бостириб келади. Ҳамма расмга тушаман деб ўзини отади. Қарабсизки халқимизнинг яна бир шармандали ҳолати намоён бўлади.
Нима ҳам дердик, ахир биз тўйда бор пулини сочиб мазза қилган халқмиз…