Халқ орасида бир гап тарқалди. Бензин нархи яна кўтарилганмиш. Бу миш-миш эмас, ҳақиқат.
Таҳлиларга кўра, бугунги кунда Brent маркали нефтнинг жаҳон биржаларидаги котировка нархлари ошиб, 1 баррели учун 80-81 АҚШ долларни ташкил этган бир вақтда, АЁҚШ ларда 1 литр асосий ишлаб чиқариладиган Аи-80 автобензини 5 800 – 6 100 сўм чакана нархларда сотилмоқда.
Тўғриси, нарх ошишидан халқ безиллаб қолди. Яқинда ўсимлик ёғи деярли икки баробар қимматлашгани ҳаммамиз учун ёқимсиз янгилик бўлганди. Сентябрдан ойлик маошлар 10 фоизга ошади, деган қонун августда қабул қилинган бўлса, бозордага маҳсулот нархи эртасигаёқ кўтарилиб кетди. Бироқ ишчиларга кўтарилган ойлик фақатгина сентябрь охири ёки октябрь бошида тўлаб берилади. Унгача қарийб икки ой мобайнида аҳоли 10 фоиз қиммат нарҳда савдо қилишга мажбур.
Ёғ нархи “сакраш” билан ўсган бўлса, ёнилғи нархи секин-аста, бироқ бетўхтов қимматлашиб, ҳавдовчилар учун ёқимсиз бир муаммони туғдирмоқда. Шу билан бирга бензин нархи, умуман олганда ёнилғининг кундан-кун қимматлашиб бориши аҳоли учун ҳам чўнтакка зарар бўлмоқда.
Ўтган йилнинг шу даврида бензин нархи ўртача 4 минг сўм эди, ҳозир эса 6 минг атрофида сотилмоқда. Бу дегани бир йилда қарийб 50 фоизга кўтарилган. Ваҳоланки, бир йил мобайнида нефть нархи кескин пасайган вақтлар ҳам бўлди. Жумладан, карантин чекловлари кучайтирилган даврда дунёдаги “қора олтин” омборлари маҳсулотларни сиғдиролмай қолгани, бензин, дизелнинг бозори касод бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Бироқ бизда, аксинча, бензин нархи ошишдан тўхтамади.
2021 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда бензин нархи 17 фоизга қимматлашди. Давлат статистика қўмитаси ўз ҳисоботида бу ҳақда маълум қилган эди.
Июн ойида бензин республика бўйича ўртача 2,5 фоизга, пропан эса 8,7 фоизга қимматлашди.
2020 йилнинг май ойи аввалида бензин ва дизель ёқилғиси чакана нархларининг давлат томонидан тартибга солиниши бекор қилинганди. Нархларни эркин бозор белгилаши, нефтни қайта ишлаш заводлари ўз маҳсулотларини биржа орқали сотиши белгиланганди. Хуллас, бу жабҳада ҳам бозор иқтисодиёти қонун-қоидалари амал қила бошлади.
Бозор иқтисодиёти, яъни барча тадбиркорларга тенг имконият берилган ва рақобат шароитида товарлар тўлиб-тошиб кетиши ва табиийки, нархлар арзонлашиши, харидорларда танлаш имконияти вужудга келиши лозим эди. Талай давлатларда шундай вазият юзага келди. Лекин бизда, негадир, айрим соҳаларда бундай бўлмаяпти. Ҳолбуки, эркин бозорнинг яна бир афзаллиги шуки, ишлаб чиқарувчилар, тижоратчилар истеъмолчи манфаатлари, хоҳиш-истаги билан ҳисоблашишга мажбур бўлади.
Ўтган йил охирида Энергетика вазирлиги нима сабабдан турли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин турли нархларда сотилаётгани, шунингдек, импорт бензин Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётганига қараганда арзонроқ эканига изоҳ берган эди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев июн ойида бензин нархининг қимматлашуви иқтисодиётнинг барча соҳаларида нархлар ошишига сабаб бўлишини таъкидлаган эди.
Унинг сўзларига кўра, АИ-91 бензини АЁҚШларда бир литр учун 7200 сўмдан сотилишни бошлаган. Июнь охирида ижтимоий тармоқларда Аи-80 бензини 6000 сўм, Аи-92 — 7400 сўм, Аи-95 — 7800 сўмга ошгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Жиззах, Бухоро ва Андижон вилоятларида жами 185,7 миллиард миқдоридаги нефть маҳсулотлари талон-торож қилингани ҳақида хабар берганини эслаб ўтди. Жумладан, Жиззах нефть базасида ўртача қиймати 146 млрд сўм, Бухоро нефть базасида ўртача қиймати 20,7 млрд сўм, Андижон нефть базасида ўртача қиймати 19 млрд сўмлик нефт махсулотлари талон-тарож қилинган.
Бу йил ҳам Энергетика вазирлиги нархлар қимматлашганига айтарли изоҳ бера олмади. Доимгидек улар аравани қуруқ олиб қочишади. Уларга нарх кўтарилиши ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Уларга ёқилғи ғами борми. Давлат ёқилғи билан таъминлаб қўйса. Ҳар доим жабр қора халққа, оддий фуқарога бўлади.