«Миллий тикланиш» партияси томонидан номзоди илгари сурилган Алишер Қодировнинг «хориждаги меҳнат мигрантлари ҳам солиқ тўлаши керак» деган таклифи ижтимоий тармоқларда турли баҳс ва норозиликларга сабаб бўлган эди.
Бугун либерал-демократлар номзоди Шавкат Мирзиёев мазкур таклиф борасида муносабат билдирди:
Вилоятдан чет элга кетиб, меҳнат қилаётган фуқароларимиз имкон қидириб кетишган. Имкон қидирган одам фидойи одам бўлади. Четда юрадиганларни даромад солиғини тортиш ҳақида гап чиқди. Бу мутлақо асоссиз гаплар. Мен, Худо насиб қилиб, раҳбар бўлиб ишласам, бундай бўлмайди. Улар ўзига ва оиласига имкон яратяпти, ўзини иш билан таъминлаяпти, оиласини боқяпти. Уларни мен ўз фарзандларим деб биламан. Ўтган вақтда биз ҳам уларни қўллаб-қувватлаш учун чоралар кўряпмиз, — дейди номзод Мирзиёев.
Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашиб турган номзод Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида департамент очилганини айтиб, давлат, миллат, президентнинг вазифаси — мигрантларга ҳам яхшироқ шароит яратиб бериш эканлигин билдирган.
Демократик жараён ҳисобланмиш сайловда номзодларнинг ўзаро рақобат кўрсатиши одатий, айни вазиятда ижобий ҳамдир. Аммо, ҳозиргача фақат либерал-демократлар номзодигина мазкур фаолликни намойиш қилди.