Маҳалла раисларининг маоши ошибди…

Маҳалла раисларининг маоши ошибди… Президент фармони билан 2021 йил 1 ноябрдан ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошлари 35 фоизга оширилади.

Маош ошгани яхши албатта. Кимнингдир рўзғори бутланади, ҳаёти яхшиланади. Фақат ана шу маош ошгани ортидан одамлар елкасидаги оғирлик биттага камайса, дуч келаётган муаммолари барҳам топа бошласа, бош уриб борадиган эшик ортидагилар уларнинг дардини тинглай бошласа… Шундан умид қиламиз албатта.

Умид қиламизки, бола пулини, ёрдам пулини сўраб борганлардан икки-уч ойлигани олиб қоладиган маҳалла раислари ҳақида эшитмаймиз энди… Умид қиламизки, маҳалла ҳудудидаги ерларни тадбиркорларга “олиб бериш иши”га аралашадиган маҳалла раислари чиқмайди энди… Яна умид қиламизки, маҳалладаги муаммоларни яширишга эмас, уларни ечишга, аҳоли томонида туриб давлатдан буни талаб қилишга қодир маҳалла раислар кўпайишига…

Президент қайси ҳудудга, қайси маҳаллага бормасин, маҳалла бу алоҳида бир тизим бўлиши, у шу ердаги аҳолининг сўзи бўлиши кераклигини таъкидлайди. Ушбу қарор балки маҳаллалар мустақил органи эканини фақат қоғозда эмас, балки амалда таъминлар. Уларга нисбатан “ҳокимият дастёри” деган қарашларга барҳам берар балки. Шунга умид қиламиз…

Мукофот пулларини олган маҳалла раислари коррупция деган балога қарши қаттиқ кураш бошлаб юборар. Халқнинг газсиз, электрсиз ўтиришига жим қараб турмасдан керакли идораларга мурожаат қилиб, ҳудудимдаги аҳолининг яшашини яхшилаб беринглар деб баралла айта олар… Мана шу қарор сабаб балки қишлоқ йўллари текис равон бўлиб, маҳалла раислари олган ойлигидан барака топар… Шунга умид қиламиз ҳар ҳолда…

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш билан боғлиқ харажатлари тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши ҳақида ҳам тегишли бандлар келтириб ўтилган. Демак, бу ўша ҳудудда яшаётган, ишлаётган қоракўзларнинг пешона тери, тўлаган солиғидир.

Қарорда таъкидланишича, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармасини ташкил этилади.

Маълумотларга кўра, республикада 9225 та фуқаролар йиғини мавжуд. Президент фармони билан фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котибларининг ойлик иш ҳақи ўтган йилнинг ўзида 1,5 баробарга оширилди.