Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистонда локдаун эълон қилиниш эҳтимоли ҳақида гапирди


Марказий сайлов комиссиясида бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистонда локдаун эълон қилиниш эҳтимоли ҳақида фикр билдирди. 


— Бугунги кунда ҳеч қанақа локдаун ҳақида гап бўлиши мумкин эмас ва барча ҳаракатлар шунга қаратилган. Шу кунларда Россия Федерациясида касалланиш ҳолатлари кўтарилгани юртимизда ҳам касалланиш даражаси ошиши эҳтимолини пайдо қилади. Лекин бизнинг чегараларда назорат ҳар қачонгидан ҳам кучайтирилган бўлиб, юртимизга 72 соатлик ПЗР тести топширилган ҳолдагина четдан кириш мумкин. Бордию, фуқароларда тест бўлмаганда, чегарада экспресс-тест топширилади.

Локдаун ҳолатининг олдини олишнинг яна бир йўли жамоавий иммунитетни шакллантиришдир. Бунинг энг самарали усули оммавий эмлашдир. Агар биз аҳолининг камида 60 фоизини эмлай олсак, жамоавий иммунитетни шакллантирган бўламиз. Шунда бизга ҳеч қандай локдаун хавф сола олмайди. Ҳозирга келиб, эмланиши лозим бўлган 21 миллион нафардан ошиқ аҳолининг 13 миллион нафари биринчи доза вакциналарини олиб улгурди, — деди Баҳодир Юсупалиев.

Эслатиб ўтамиз, айни кунгача мамлакатимизда жами 24 909 801 доза вакцинадан фойдаланилди. юртимизда эмлаш жараёнларида фойдаланилаётган жами вакцина 34 951 358 дозани ташкил қилмоқда.