Таниқли кинорежиссёр ва кинодрамадург Зулфиқор Мусоқов охирги пайтда кўпгина ташкилотлар ўзларининг реклама роликларида у яратган филмларнинг кадрларини, ҳаттоки, ўша филмда рол ўйнаган актёрлар иштирокида айнан уларнинг ўзи ўйнаган персонажларини ижро этиб муаллифдан берухсат эфирга ва интернет тармоқларига намойиш қилганлиги юзасидан мурожаат билан чиқди
Режиссёрнинг таъкидлашича, ҳеч ким бу рекламаларни тайёрлаш бўйича ундан ҳеч қанақа рухсат олишмаган.
» Сўнгги вақтларда менга ва ижодимга нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари( ссенарий муаллифи ва режиссёр сифатида) ўта қўпол равишда бузиш ҳолатларини кузатяпман. Бу ишларга менинг ҳеч қанақа алоқам йўқ.
Умидворманки, мени тўғри тушунасиз. Кўпгина мухлислардан менга тинимсиз қўнғироқлар бўлмоқда, «наҳотки Сиз ўзингизни филмларингизни арзон бозорга солдингиз», деган эътирозларни эшитдим. Ваҳоланки, мен бу ишлардан умуман узоқдаман… Ўйлайманки, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар бу мурожаатимни бефарқ қолдиришмайди»– дея ўз фикрларини билдирган Зулфиқор Мусоқов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 149-моддасига кўра, тафаккур мулки обьектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш, шунингдек, тафаккур мулк обьектлари тўғрисидаги маьлумотларни улар расман рўйхатдан ўтказилгунга ёки эьлон қилингунга қадар муаллифнинг розилигисиз ошкор қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.