РФ Тергов қўмитаси раиси: «Меҳнат муҳожирлари кўплаб жиноятларга қўл урмоқда; биз бунга чек қўйишимиз керак!»

Россия Тергов Қўмитаси раиси Александр Бастрикиннинг «Интерфакс» нашрига берган интервюси анча муҳокамаларга сабаб бўлди. Бастрикинга кўра, Россия барча меҳнат муҳожирларини геномик (миллий-ирқий) рўйхатга олиши ва мигратсия қонунчилигини мустаҳкамлаши керак.

Тергов қўмитаси раҳбари ҳозирда миграция “юзлаб меъёрий ҳужжатлар” билан тартибга солинганини ва бу “кўп қиррали ва анча мураккаб норматив база” эканини эслатди. Шу муносабат билан у миграция кодексини яратиш вақти келди, деб ҳисоблайди.
Янги меъёрий ҳужжатда у “миграциянинг барча шаклларини, шунингдек, чет элликларни рўйхатга олиш билан боғлиқ меъёрларни ишга қабул қилиш учун квоталар берилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, мигрантларни рўйхатга олиш, уларнинг бармоқ изларини олиш тартибини аниқ белгилаш ва назоратнинг бошқа турлари”ни таклиф қилди.
Унинг фикрича, қонунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг чегарачилар билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби ҳам белгиланиши керак. Бу эса миграция назоратини янада самаралироқ қилади.
“Бундай чора-тадбирлар миграция жараёнлари устидан назоратни жиддий равишда кучайтиради, жиноятчиларнинг меҳнат бозоримизга кириб келишига қўшимча тўсиқ қўяди, ҳуқуқ-тартибот идоралари эса улар содир этган жиноятларни янада муваффақиятли фош этади”, — дея тушунтирди Тергов қўмитаси раиси.
Бастрикиннинг таъкидлашича, 2020-йилнинг январ-июн ойларида Россияда хорижликлар томонидан содир этилган 17 мингдан ортиқ жиноятлар, 2021-йилнинг биринчи ярмида эса деярли 19 мингтаси тергов қилинган.
“Ҳозирги вақтда меҳнат муҳожирларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари кўпайиб бормоқда, улар иштирокида жамоат тартибини қўпол бузишлар, оммавий муштлашувлар содир бўлмоқда”, — деди у Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими йўқлигини таъкидлаб.