Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари ва талаба қиз ҳақидаги воқеа ҳали ҳамон катта шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Кимдир ўзича хулоса чиқариб, замдеканни, кимдир талаба қизни айблаяпти, бироқ ушбу масала бўйича шуғулланаётган бирорта масъул ходимларнинг ўзи ҳам мазкур ҳолат юзасидан аниқ ҳеч нарса билмаслиги эҳтимоли юқори. Биз ушбу мақола орқали кимнидир оқлаш ёки қоралаш ниятида эмасмиз, шунчаки ён-атрофимизда бўлаётган воқеалар талаба қизлар ҳаётига қандай таъсир қилгани ва ушбу воқеага улар қандай муносабат билдиришига қизиқиб кўрдик.
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 2-босқич талабаси Сарвиноз Мамадалиева:
– Биринчи марта интернет орқали бу воқеани эшитганимда анча пайтгача ҳазм қила олишим қийин бўлди. Хабар чиққанидан сўнг университетда, кўча-кўйда, ҳаттоки, дўстлар даврасида ҳам фақат шу мавзу эди. Ҳамма ўз фикрини билдирар, жабрланувчига ачинар ва унинг келажак ҳаёти учун қайғурарди. Мен эса ҳали ҳам қандай қилиб инсонлар бундай чиркинликка боришларига жавоб топа олмаётгандим, балки ҳозир ҳам тополмагандирман.
Катта аниқлик билан айтаманки, бундай воқеага ҳеч қачон олдин гувоҳ бўлмаганман. Эшитишга келсак, ижтимоий тармоқлар орқали баъзан шундай қайғули ва нафратли вазиятларга кўзим тушарди. Қайси маънода? Яъниким кўча-кўйда тегажоғлик қилишмоқчи бўлди, қўшниси, қайнотаси, қариндоши зўрламоқчи бўлгани каби кўп хабарларга гувоҳ бўлган эдим. Лекин, ўқитувчи талабага…. бу яна такрорлайман, ҳазм қилиш қийин бўлган, оғир вазият, худди юқоридаги мисоллар каби. Авваламбор, ўзимни қизнинг ўрнига қўйиб кўришга журъатим ҳам етмайди. Унинг ўрнида бўлмаганим учун ҳам Аллоҳга такрор ва такрор шукурлар келтираман. Воқеага реал , ҳеч қандай ҳис-ҳаяжонсиз қаралса, қиз ҳеч нарса қилолмасди ҳам. Ёрдамга чақирган ва ўзини ерда кўрган( эшитганларим ва ўқиганларимга асосланиб).
– Сизнингча ушбу ҳолат такрорланмаслиги учун қандай ишларни амалга ошириш керак?
– Саволингизга жавоб беришдан олдин шу мавзу юзасидан кейин чиқарилган ва иложи борича кўпроқ тарқатишга ҳаракат қилинган вазиятга тўхталмоқчиман. Яъники, жабрланган қиз ва унинг замдекани тадбирда бирга тушилган сурат ва тагида ёзилган ноўрин изоҳлар. Ўзбек халқи азалдан содда, эшитганига ёки юзаки кўрганига доим ишониб кетаверади. Афсуски бошқаларни ҳам ишонтиришга ҳаракат қилади, худди ўзи ўша вазиятда бўлгандек. Бир талаба қизга қўрқмасдан тегажоғлик қилишга уриниш бу «шунчаки фантастика» менинг фикримча. Яна университетда, илм даргоҳида… Бир савол туғилади, балки бу биринчи мартамасдир.. Балки…
Мана шундай ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги учун яхши ишончли кадрлар билан бирга ишлаш керак. Ҳар бир университет учун умумий яхлит механизм яратиш лозим. Зероки, бундай ҳолат бошқа такрорланмасин ва ҳар бир инсоннинг кўнгли хотиржам бўлсин.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети 1-курс талабаси Гулшода Абдусалимова:
— Ёшлигимдан бери ўқитувчи бўлишни ният қилардим. Бу йил кўп машаққат ва интилиш билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига ҳужжат топшириб, 1-курс сифатида қабул қилиндим. Аслида ота-онам узоқ вилоятдан келиб, пойтахтда ўқишимга қаршилик билдиришган эди, бироқ бувижонимнинг қарорлари билан ўзим танлаган университитимга ўқийдиган бўлдим. Янги курсдошлар, янги устозлар, янги муҳитга энди мослашаётган вақтимизда тўсатдан бу воқеа чиқди-ю, ҳаммаёқни ғала-ғовур босиб кетди. Бу ҳолатга мендан ҳам кўра кўпроқ ота-онам ваҳимага тушиб қолишди назаримда. Ҳар куни камида 2-3 маратоба телефон қилиб менинг аҳволим ҳақида сўраб туришибди. Тўғрисини айтсам, уларнинг олдида ўзимни айбдордек ҳис қилиб қолгандекман. Умуман олганда, кўча-кўйда кетаётганимизда ҳам кимдир ўқиш жойимиз ҳақида сўраса, Низомий деб жавоб берсак, бошқача кўз билан қарайдигандек бўлиб қолди. Аслини олганда биз қиз тугул, замдеканнни ҳам танимаймиз, бу воқеага заррача ҳам алоқамиз йўқ-ку! Энди бундан ҳолатлар фақатгина мени эмас, балки атрофимдаги курсдошларимни, университетдошларимни ҳам ҳаётида такрорланаётганини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Шунгингдек, исм-фамилияси ва ОТМ номини ошкор этишини хоҳламаган бир талаба қизимиз қуйидагича фикрларни билдириб ўтди:
–Ўтган кун университет ошхонасида ўғил бола курсдошларимиз билан бирга овқатланиб ўтиргандик. Ўшанда иккита евро гуруҳда ўқийдиган қиз ва иккита бола бир-бирига беҳаё ҳаракатлар қилиб ўтирганди. Тўғриси, ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмадик! Мана шундай жирканч ишларнинг барчаси илмсизликдан, диний тарбийанинг етишмаслигидан келиб чиқиши турган гап. Бироқ ҳали ҳамон ОТМларда хижобга кириб ўқишга келса, ёмон кўз билан қарашади, ҳамма оммавий тадбирлардан чеклаб қўяди. Калта юбка, тор шим кийим эркакларнинг ҳирсини уйғотиб юргандан кўра шу яхши эмасми?
Ўшанда, ошхонадаги воқеада қизлар йигитларга ҳеч қандай қаршилик кўрсатгани ҳам йўқ, аксинча, ўзлари рози. Лекин бу воқеа атрофдагиларга қандай таъсир қилади? Эҳтимол улар евро гуруҳда ўқир… Лекин одамгарчиликнинг, иймоннинг ўзбек ёки евроси бўладими?
Университет таълим масканими ёки хоҳлаган ишини қиладиган жойми? Мисол учун, намоз ўқиш учун жой қидириб сарсон бўлиб қоламиз, лекин нима учун улар учун «имконият» кенг? Бу ачинарли эмасми?
Низомийдаги воқеа ҳам кўпчилкни хавотирга солиб қўйди. Эшитишимча, қиз Зулфия мукофотига тавсиянома олиш мақсадида замдекан хонасига кирган экан. Воқеа ҳақида ўзимча қарор чиқара олмайман-у, лекин мен ҳам Зулфия мукофоти номзоди сифатида айта оламанки, мукофотдан ҳам бутунлай кўнглим қолиб кетди. Энг биринчи ўринда қизлар учун унинг ор-номуси, ҳаёси туриши кераклигини барчамиз яхши биламиз.
Мана, юқорида талаба қизларнинг педагогика университетида бўлган ҳодиса юзасидан билдирган фикрлари, уларнинг ён-атрофимизда бўлаётган воқеаларга муносабати ҳақида танишиб чиқдик. Аччиқ бўлса-да ҳақиқат бўлган гапларни ҳеч биримиз инкор эта олмасак керак. Шунингдек, интернет оламида Олий ва ўрта таълим вазирлиги томонидан қизларни ҳимоя қилиш мақсадида телеграмда ҳимоя боти очилди дея, жар солинди-ю, лекин бу бот ҳалигача ишламаётганига нима дейишга ҳам ҳайронмиз. Хулоса эса ўзингиздан…
Лайло Эсанмуродова