Ислом Каримовнинг невараси, Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова 24 октябрда ўтган президент сайловида кимга овоз берганини маълум қилди.
У Инстаграмдаги савол-жавоблар саҳифасида «Сайловда кимга овоз берасиз?» деган саволга «УзЛиДеП» дея қисқача жавоб берган.
Ислом Каримов сулоласидан бўлган Гулнора Каримовага иккинчи суд ҳукми 2020 йил мартда ўқилган. Ўшанда унга 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Она ва қиз муносабатлари
2019 йил июлда Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова Instagram саҳифасидаги онаси ҳақидаги маълумотларни бошқа шахслар тайёрлашини айтганди.
Бу баёнотдан бир ойлар аввалроқ эса айнан шу саҳифада Г.Каримованинг ўзбек халқидан кечирим сўраб ёзган мактуби пайдо бўлганди.
Каримовлар сулоласи вакили бўлган Имон Каримова 2018 йил октябрда ўқиш учун Лондонга кетган эди.
2017 йилда Гулнора Каримова 10 йил озодликдан маҳрум қилинган. 2018 йилда эса бу жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган ва у уй қамоғига олинганди.
2019 йил мартда яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва Интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбуриятларини бажармагани учун яна колонияга қайтарилган.
Ҳамма бало шундан кейин бошланган. Жумладан, 2019 йил августда Каримовага нисбатан янги айбловлар қўйилган. Шунинг учун қамоқхонадалик пайтида ҳам суд жараёни бошлангани айтилганди.
2019 йил декабрда эса Гулнора Каримовага республика саноат корхоналарида фаолият юритган ва жуда кўп миқдордаги жиноий даромадлардан улуш бериб келган яна бир уюшган жиноий гуруҳ аниқланган.
Бош прокуратура декабрда «бузғунчилик характеридаги ҳаракатлари» учун Каримованинг хорижий адвокати Грегуар Манжанинг Ўзбекистонга киришини тақиқлаб қўйганди.
Имон Каримова 1998 йилда Американинг Нью Жерси штатида туғилган. Отаси асли афғон бўлган америкалик тадбиркор Мансур Мақсудийдир. Мансур Мақсудий ва Гулнора Каримованинг Имондан ташқари яна бир фарзанди — кичик Ислом Каримов ҳам бор. Айни дамда у ҳам Лондонда яшайди ва бир неча маротаба можароларга аралашиб қолгани сир эмас.
Аввал Ўзбекистон Республикаси Президентилигига сайловларнинг якуний натижаларини маълум қилган эдик.