Ижтимоий тармоқларда «Бухоро сув қувурлари ётқизилаётган жойда ер ўпирилиши сабаб икки киши вафот этди» сарлавҳаси остида тарқалган хабар юзасидан Бухоро вилояти ИИБ расмий маълумот берди.
Хабарда айтилишича, жорий йилнинг 16 ноябр куни тахминан соат 15:30 ларда Бухоро шаҳрида жойлашган “61-сонли автокорхона” МЧЖ томонидан Когон шаҳар Дўстлик маҳалласи Дўстлик кўчаси ҳудудида канализация қувурларини қазиш ишлари олиб борилаётган вақтда, канализация қувури учун ковланган ўлчамлари: 4Х5 метр, чуқурлиги 4 метр бўлган ўранинг атрофидаги қум уюми ўпирилиб тушган. Натижада қувур ичида ишлаётган “61-сонли автокорхона” МЧЖ ишчилари 2000 йилда туғилган А.Н. ҳамда 1999 йилда туғилган С.С. лар қум уюми остида қолиб кетиб, ҳаво етишмаслиги оқибатида вафот этган.
Ҳодиса содир бўлган жойга чиққан Бухоро вилояти Ички ишлар ҳамда Фавқулотда вазиятлар бошқармалари, Когон шаҳар прокуратураси, вилоят ИИБ ва Когон шаҳар ИИБ масъул раҳбар ва ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган.
Жабрланувчиларнинг жасадлари вилоят ФВБ ходимлари томонидан қум уюми остидан олиб чиқилиб, суд-тиббий экспертиза кўригидан ўтказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖК.нинг 257-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.