Нон тишлаб метанга кетганлар…

Об-ҳаво совий бошлагани сари одамларнинг иссиқлик воситаларига эҳтиёжи туғилиши аниқ. Ваҳоланки, бу борада табиий газнинг инсонлар ҳаётидаги аҳамияти ортади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон табиий газ захираларига эгалиги бўйича дунёда 14-ўринда туради. «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси табиий газ қазиб олиш бўйича дунёда 11-ўринни эгаллаб, йилига 60-70 миллиард куб метр табиий газ қазиб олади. Бундай натижани эшитган одам мамлакат аҳолисининг табиий газ масаласида муаммоси йўқ деб ўйлаши, шубҳасиз. Афсуски….

Барибир ўзбекмиз-да, ўзимизга хос бўлган анъаналаримиз бор. Мисол учун, рўзғорда гўштли овқат қилмаса-да, меҳмон учун қаердан бўлса ҳам гўшт топиб келадиган, ўзи емаган нарсасини уйига келган одамга едирадиган такрорланмас одатларимиз кўп. Лекин бу дегани ўзи таппи ёқиб, газниям бошқаларга берсин дегани эмас-ку ахир. Бундан аввалги йилларда Афғонистонга электр узатувчи сим тортилиб, Хитойга газ элтувчи қувур қурилган эди. Лекин амалга оширилаётган бу ишлар одамларнинг қиш бўйи совқотиб, қўлбола иситиш мосламалари ишлатишига, бунинг оқибатида эса ис гази каби турли хавфли газлардан заҳарланиб ҳалок бўлиш даражасига боришига арзирмикан?

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январ-август ойларида мамлакатимизда 35,2 млрд. куб. м табиий газ ишлаб чиқарилган. Табиий газ ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 8,3 % га ёки 2,7 млрд. куб. метрга ошган.

Айни вақтларда газ қуйиш шахобчаларида юзага келаётган тирбандликлар, навбат кутишлар, асаблар…. Буларни гапирса, одамни дили хуфтон бўлади, албатта. Газ қуйиш шахобчалари навбат кутиш энг камида 1, 5 соат, узоғи билан 3-4 соат, ҳаттоки бунданам кўп вақт давом этади. Бу ҳозирча совуқ кунлар бошланишидаги илк кўрсаткич, олдиндаги қорли, аёзли кунларни энди ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Ҳайдовчилик ортидан тирикчилик қилаётган одамлар қанча? Куннинг ярмини газ учун навбат кутиб ўтказиб, қолган ярмида нон топиб бўладими?

Яхши биламизки, метан бошқа ёқилғиларга қараганда 2-3 баравар нархда арзон. Бензинда юриш эса амалдорларни билмадим-у, оддий аҳолини, ҳайдовчиларни чўнтагини кўтармайди!

Бизга келаётган мурожаатларни инобатга олиб, Ogoh.uz мухбири газ қуйиш шахобчалари ҳолатини ўрганди. Мухбиримиз вазиятни ўз кўзи билан кўриб, қуйидаги хабар берди:

Чироқчи туманидаги метан заправкаларининг биридамиз. Қарийб 3 соатдан буён навбатимизни кутяпмиз, бироқ ҳеч яқинлашай демайди. Кун совуқ, куни кеча бу ҳолат йўқ эди, эрталаб икки соатча чироқ ўчганлиги сабаб ҳозир жудаям тирбанд ҳолда. Бошқа заправкаларда ҳатто ёнилғи ҳам йўқ, кун совуқ, ҳамма машинасининг пинжига кирган, яқин-яқин жойда икки-уч киши бўлиб, суҳбатлашиб турганлар бор.

Уларнинг бу борадаги фикри билан қизиқдим. Шаҳзод исмли ҳайдовчи билан суҳбатлашганимизда қуйидагича фикрларни айтдилар:
» Тонг азонда пойтахтдан Қаршига йўлга чиқдик, йўлда учта жойдан ёнилғи қуйдириш учун тўхтадик, ҳаммасида тирбандлик, босим паст, 200 кмъга етадиган газимиз 150 кмъдан ошмаяпти, бу сафарги тўхтовимизга икки ярим соат бўлди, амаллаб Қаршига етиб олсак, бас, шеригим машинада қуруқ нон еб ўтирибди».

Алишер исмли ҳайдовчи ҳам шунга ўхшаш гап айтдилар:
» 1 соатдан буён навбатдамиз, ҳеч қурғур яқинлашай демайди, яна 1 ярим соатлар кутсак керак бу туришда, юк машиналарига ҳамма босим юбориляпти, бизга 100 босим уриб беришса, амаллаб манзилга етардик, бензин қуяйлик десак, кўриб турибсиз, ука, бир бак фалон пул, ундан кутсак ҳам, 30 — 40 мингга метан қуйиб, кетамиз.»

Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, 17 ноябр кунидан бошлаб 17:00дан 23:00 гача газ қуйиш шахобчалари фаолияти тўхтатиляпти. Чекловдан мақсад эса биринчи навбатда табиий газ етказиб берилиши муҳим ҳисобланган, аҳоли, шифохона, мактаб ҳамда мактабгача таълим ташкилоти каби аҳамиятга эга муассасалар, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқарувчи йирик стансияларнинг табиий газ таъминотида барқарорлигини таъминлашдан иборат. Ҳар ҳолда шундай деб яхши гумонда бўламиз.

2019 йилда “Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожланиши Консепсияси” (Консепсия) лойиҳаси йўлга қўйилган эди. Мана, бу лойиҳа йўлга қўйилганига ҳаш-паш дегунча орадан уч йил ўтиб кетибди. Энди тўлиқ шароитларга эга бўламиз, ҳаётимиз фаровонлашади деб 2030 йилни кутиб турамизми? Шунча йил давомида барига кўз юмиб яшаб келганда 9 йилни кутиш нима бўлибди? Ахир биз сабрли халқмиз-ку!

Лайло Эсанмуродова