Жорий йилнинг 25 ноябр куни тахминан соат 16:42 ларда Тошлоқ туман “Варзак” маҳалла фуқаролар йиғини, Кўприкбоши кўчасида жойлашган “Олтиариқ газ тўлдириш” масъулияти чекланган жамиятининг автомобилларга суюлтирилган газ тўлдириш шахобчасида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Натижада эса ушбу шахобчада хизмат олиб бораётган 5 нафар ишчи хизматчилар тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига даволаниш учун ётқизилган.
Бундан ташқари, бугун, 29-ноябр куни соат 05:05да Сергели тумани Нилуфар 3-тор кўчасида “Узмилл” МЧЖ ҳудудида ишчилар учун жойлашган ётоқхонада бирламчи маълумотга кўра, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ва бунинг оқибатида ёнғин содир бўлган.
Воқеа жойида 43 нафар ишчи бўлган, ёнғин оқибатида улардан 18 нафари ҳар хил турдаги куйиш тан жароҳати билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.
Mаълумотга кўра, ҳаво-газ аралашмасининг чақнашига газ қувурларининг носозлиги оқибатида хонага газ тўпланиши сабаб бўлган.
Бундай ҳолатларнинг охирги вақтларда сони кенгайиб бормоқда. Ёшлигимда бувимнинг «ўт балоси, сув балосидан асрагин» дея айтган дуоларини кўп қулоғимга чалинган эди. Билдимки, бежизга эмас. Шунчаки тан жароҳати олган дея айтаётган инсонларимизнинг кейинги ҳаёти ҳақида тасаввур қилиш бироз мушкул. Улар меҳнатга лаёқатли бўла оладими, олган жароҳати соғлиғига ёмон таъсир қилмайдими? Нима бўлганда ҳам яхши гумон ва яхши ниятдамиз… Жабрланганларга эса шифо тилаймиз.