Нега орган ходими фуқарони ҳақорат қилса, вазият ўрганилади-ю, фуқаро ходимни ҳақорат қилса, дарҳол жазоланади? Нима учун миллион-миллиард пулларни еганлар тергови ойлаб чўзилади-ю, икки юз минг олган ўқитувчи дарҳол қамалади? Токайгача пора билан тушган фалончи қутилиб чиққанини, ёки фалончининг пистончи танкаси «туриб берганини» эшитаверамиз?
Жавоб эса оддий, чунки биз Ўзбекистонда яшаяпмиз. Бу ерда катта мансабдорлар ва уларга яқин шахсларнинг катта миқдорда пора олиши, бериши табиий ҳол, озиб-ёзиб қўғга тушган тақдирида ҳам уларнинг аксарияти «даҳлсизлик ҳуқуқи»га эга бўлади. Коррупционерларнинг бу қатлами ўз доирасига мувофиқ жуда кўп маблағларни талон-тарож қилаяпти.
2020-йилда бош прокурор ўринбосари Акмалхўжа Мавлонов манзилли дастурларга йўналтирилган 10 трлн сўмнинг 845 млрд сўми талон тарож қилинганини айтиб ўтган эди. 3,5 трлн сўмлик тендерлар ноқонуний ўтказилгани, биргина 2021-йилнинг биринчи ярмида Халқ таълими тизимида 65,1 млрд сўм ўзғаштириш аниқлангани (ҳозир бу кўрсаткич қанчага етди, билмадим), ер ости метроси қурилишида қарийб 900 млн сўм талон-тарож қилингани, 2 аёл ва 4 эркак ҳалок бўлган бир нафар инсон бедарак кетган ва давлатга қайта қуриш, оқибатларни бартараф этиш учун миллиардлар долларлар зарар келтирган Сардоба воқеалари сўзимизнинг исботидир.
Лекин негадир бу катта жиноятлар ҳақида гап кетганда уларга қарши курашадиган тузилмаларнинг овози чиқмай қолади. Биз ҳам йиллик ҳисоботларда қанчадир сумма ноқонуний ўзлаштирилганини эшитамиз-у, бу ишлар ортида ким турибди, уларга қандай жазо берилди, хабаримиз бўлмайди ҳам.
Телевизорда 500 минг пора билан қўлга тушган ўқитувчи, ёки ҳамширанинг ўз қилмишларидан афсусда эканлигини томоша қилиб, юртимизда адолат бор деб юраверамиз. Ишонмасангиз, бирор қоидабузарлик қилиб, ГАИ ҳодимига икки юз минг сўм бериб кўринг, дарҳол қўлга тушасиз. Лекин маҳаллангиздаги каттароқ ишда ишлайдиган, миллион-миллион доллар пора олиб, қўша-қўша дачалар, ситиларда қўша-қўша квартиралар соҳиби бўлган қўшнингиз ҳеч қачон қўлга тушмайди.
Кеча ижтимоий тармоқларда 1,5 млн сўм пора олган мактаб директори 5 йилга озодликдан маҳрум этилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бир тарафдан бу каби ҳолатлар олди олинаётгани, жазолар тайинланаётгани қувонарли ҳол. Аммо танганинг иккинчи томоничи?
Тошкентнинг Юнусобод тумани давлат солиқ инспекцияси катта инспектори 3,5 минг доллар пора билан,Наманганда туман солиқ инспекцияси бошлиғи 15 минг доллар пора билан, Жиззах вилояти прокурори икки минг доллар пора билан қўлга тушиб, тергов ҳаракатлари бошланганига икки ойдан ошиб қолди. Лекин тергов натижалари, уларга қандай жазо тайинланганлиги ҳақида лом-мим дейилмайди?
Бухорода қўлга олинган вилоят Санитария- эпидемиология маркази раҳбари карантин қоидаларига риоя қилмагани учун «О» компанияси раҳбари М.дан жарима тайинламаслик эвазига 400 доллар ва 500 минг сўм пора талаб қилиб олган вақтда қўлга олинган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми (таъмагирлик йўли билан пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши керак эди-ю, аммо якунда 210-модда 1-қисм (пора олиш) билан уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Юқорида келтириб ўтилган мактаб директори эса 1,5 млн пора олгани учун 210-модда 2-қисм (таъмагирлик йўли билан пора олиш)билан 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Тўғри, бу ерда ҳукм қонуний бўлиши мумкин, лекин адолатли эмас. Давлатнинг қудрати ожизнинг жазоланишида эмас, кучлининг ҳам қонун олдида тенг кўрилишида билинади.
Болалигимда адолат маъбудаси Фемиданинг тасвирини кўриб, «ие, адолатнинг кўзлари боғлаб қўйилган-ку», деб ажабланган эдим. Кейин билсам, унинг кўзларидаги боғич холислик тимсоли экан. Яъни биз хоҳ бой, хоҳ камбағал бўлсак ҳам қонун олдида тенг эканлигимиздан далолат эди. Фемиданинг кўзлари кўр, чунки кўрганлари уни ён босишга хизмат қилиши мумкин деб ҳисобланган. Лекин юқоридаги каби ҳолатларни кузата туриб, бизнинг Фемидамиз кўзлари кўрлигига шубҳа қилиб, кўзини атайлаб юмиб олаяптимикан деб ўйлаб қоласан киши…
Муаллиф: Шаҳруза Сатторова