Яккабоғ тумани Учтепа МФЙ Учтепа қишлоғида яшовчи фуқаро Мирзаева Сайёра мазкур тумандаги туғруқхона шифокорлари фаолиятидан норози эканлиги ҳақида видеомурожаат йўллаган.
Унда айтилишича, аёл 31октябрь куни 2001 йилда туғилган қизи Халилова Умидани туман туғруқхонасига олиб келган. Шифокорларнинг беъетиборлиги сабаб қизи кечгача азобланганини кўрган она эртаси куни маъмуриятга бориб, ўз норозилигини билдирган. Тўлғоқ вақти яқинлашган, аппаратга туширилганида иккала ҳомиланинг юрак уриши 120-121 тани кўрсатаётган бўлса-да, шифокорлар оғриқ қолдирувчи, тинчлантирувчи дорилар ёзиб бераверган. Бундан ташқари, ҳали дунёга келмаган чақалоқларнинг ногирон эканлигини, умид йўқлигини айтиш инсонийлик бир четда турсин, касб этикасига қай даражада тўғри келади? Лекин текширувларда эгизакларнинг иккиси ҳам соғлом эканлиги айтилган.
Туғруқ жараёнида эгизаклардан бири, Фотимасининг жони сақлаб қолинган. Иккинчи бола эса ҳаво етишмаслиги оқибатида она қорнида ҳалок бўлган.
Туғруқ азоби билан келган аёлларга беэътибор бўлган шифокорларга эса мурожаат эгаси қуйидаги гапларни айтиб ўтган:
« Шифокорлар, сизлардан илтимос, мен-ку кўрдим шу азобни, бошқа аёл кўрмасин. Менинг ўрнимда, менинг қизим ўрнида ўзингизни қизингиз, келинингиз ёки ўзингиз бўлганингизда нима қила олар эдингиз? Мана бу ерда қўша-қўша машина, қўша-қўша уй… Худога шукур, менда майли оддийгина томи шувоқ уй бўлса ҳам уйим бор, сизларга ўхшаб данғиллама уйим йўқдир, лекин виждоним бор. Сизлардай виждонимни йўқотмаганман!
Келган аёлларга ёрдам беринглар. Келдим, кўрдим, бирортангиз ёрдам бермайсиз. Битта илтимос, ўша дард тутиб келган ҳомиладор аёлларнинг олдида уйидан келган бирорта одамни киритиб қўйинглар, ҳеч бўлмаса. То қийматгача менинг икки қўлим сизларнинг ёқангизда, чунки неварамни ўлдириб бердингиз. Майли мен чопдим, бошқа қилдим, бир неварамни асраб қолдим, аммо бошқалар-чи? Худонинг олдида жавоб берасизлар-ку. Бўш қўл билан чиқиб кетган аёлларнинг, зор қақшаб кетган норасидалар ҳаққига қандай жавоб берасиз? Худодан қўрқмайсизларми?»