Жорий йилнинг 2-декабр куни яна бир йигит тотализатор сабаб ўз жонига қасд қилгани ҳақида ҳабар берган эдик. Ушбу ҳолат юзасидан бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов расмий маълумот берди.
Унга кўра, Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида туғилган йигит Ш.Қ.нинг мурдаси 2021 йил 24 август куни соат тахминан 07:15 ларда Юнусобод тумани, «Ҳасанбой» МФЙдаги уйларнинг бирида ҳақиқатан ҳам дарахтга осилган ҳолда топилган. Аммо у тарқалган хабарда айтилганидек, 27 ёш эмас, 21 ёш бўлган. Йигит қимор ўйинларига қизиқмаган, бирон бир шахсдан қарзи бўлмаган, унинг ўлимига қимор ўйини сабаб бўлмаган.
Терговга қадар текшириш давомида аниқланишича, Ш.Қ. Тошкентга 23 август куни икки ўртоғи билан иш қидириб келган, аммо таклиф қилинган иш унга ёқмаган ва шу куни «Ҳасанбой» МФЙда турадиган қариндошининг уйида тунаб қолган.
Марҳумнинг яқин қариндошлари сўзига кўра, у ўлимидан тўрт кун олдин Қорақалпоғистонда яшовчи ота-онасининг олдига Тошкент Ахборот технологиялар университетига ўқишга киргани сабабли борган, бироқ отаси унинг ўқишига қарши бўлиб, ундан меҳнат қилиб пул топишни талаб қилган. Шу сабаб ота-онаси ўртасида ўзаро жанжал чиққан. Отаси унга меҳнат қилиб пул топмаса ундан воз кечиб юборишини айтгани туфайли йигит тушкунликка тушиб, Тошкентга қайтиб келган.
Суд тиббиёт экспертизасининг 24 августдаги хулосасига кўра, Ш.Қ.нинг ўлими бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан сиқилишидан келиб чиққан механик асфиксия, ўткир нафас, юрак, қон-томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши, ички аъзолар тўлақонлиги фонида талоқнинг камқонлиги оқибатида юзага келгани, қонидан 1,3 промилли этил спирти топилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Юнусобод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилиб, якунига кўра, 30 август куни Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.