АЛДАГАНИ МУАЛЛИМ ЯХШИ!

Халқ таълими вазирлигида “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан антикоррупцион ҳафталик доирасида «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилди. Тадбирда Халқ таълими вазири ўринбосари Темур КОМИЛОВ:
– Ҳамма ўқитувчиларнинг ҳам ойлиги 1000 доллар бўлмайди. Фақатгина муносиблариники ушбу суммага етказилади, – дея таъкидлади.

Мана, ҳақиқатни гапирса бўларканку, деди 4-5 йилдан бери ойлиги ошишини сарғайиб кутаётган “Эшпўлат муаллим” бу хабарни эшитиб. Қулоғидаги лағмонларни сидириб ташлади-да, велосипедга мингашиб, портфелини рулга илдирганча мактабга равона бўлди. Алдагани муаллим яхши…

Менимча, таълим тизимини, ху­сусан, мактабдаги таълимни бюджетдан миллиардлаб пул ажратиш орқали яхшилаб бўлмайди. Аввало, қарор қабул қилиш механизми ва унинг ижроси, назоратини пухта амалга ошириш лозим. Чунки халқ таълими тизими ҳар йили энг кўп маблағ ажратиладиган соҳалардан биридир. Натижа эса ҳар доим ҳам кўзга кўринмайди. Қолаверса, ва­зирлигимиз энг кўп талон-торожлик бўлади­ган соҳаларда ҳам етакчи…

Ўқитувчининг ойлигини минг доллар қилманг. Қолаверса, бозор иқтисодиёти тамойилларига ҳам бу усул мутлақо тўғри келмайди. Ўқитувчининг маошини минг долларга оширсагу, унинг ойлик сарф-харажати 3000 долларга кўтарилиб кет­са, бундан нима наф? Мазкур қарорни чиқараётганлар ойлик билан харажатлар, инфляцияга мутаносиблигини қандай таъминламоқчи экан?! Маош долларда берилмас ҳар ҳолда.

Бизнингча, устозларнинг ойлигини эмас, биринчи галда, жамиятдаги мавқейини ошириш, яхшилаш керак. Бу борада дунё тажрибасида ўрнак оларли жиҳатлар кўп. Масалан, Италияда учта касб эгалари тирбанд йўлда қолмасли­ги лозим: шифокорлар, ўт ўчирувчилар ҳамда ўқитувчилар. Франция бойлари мақтаниш учун ўқитувчилар яшай­диган ҳудуддан уй олишга интилади. Англияликлар нутқида: «Бу бола даҳо, у ўқитувчидек фикрлайди!», қабилидаги ибора мавжуд. Япония халқи соясини топтамаслик учун ўқитувчидан ет­ти қадам ортда юради. Германияда Ангела Меркел ойлик камлигидан норозилик билдираётган фуқароларга мурожаат қилиб:

– Маошингиз сизни ўқитган ўқитувчиларнинг иш ҳақидан юқори бўлишини кутмаслигингиз керак, – деган эди…
Ўқитувчининг сочини олаётган сартарош сўрабди:

– Нега таълим тизимимиз борган сари ёмонлашиб кетмоқда?
Ўқитувчи бироз ўйланиб:

– Тасаввур қилинг, соч олиш учун мўлжалланган иш қуролингизнинг қўллан­илишини ёзма шаклда исботлашингиз ва тушунтиришингиз керак, ҳар бир одамнинг сочини олиш бўйича кунлик, ҳафталик, ойлик, чораклик, йиллик, 3 йиллик, 5 йиллик ис­тиқболли режалар тузасиз. Сочни ювиш тар­тибини, шампунь ва бошқа соч учун косметик моддаларни изоҳлаб, ёзма ҳисобот тайёрлашингиз сўралади. Ҳа айтганча, махсус қарорларга кўра, ўзингиз хоҳлагандек ўткир тиғли қайчи­дан фойдаланиш тақиқланади.

Бундан ташқари, ойда икки-уч мар­та комиссия келади. Ҳар бир мижоз билан «аввалги ва кейинги ҳолат» ҳақида селфи қилиб, ҳисоботга қўшасиз ва бу ҳақиқат эканлигини оғзаки суҳбатда ўзингиз ёки сартарошхона раҳбари билан бирга исбот­лашингиз лозим. Баъзида мижозларингизнинг уйига бориб, сочлари яхши ўсаётгани­ни, муаммолари йўқлигини, ҳеч қан­дай психологик ёрдам керакмаслигини сўрашингиз керак. Бу шароитда унумли ишлай оласизми?, – деган экан.

Ҳақиқатан ҳам, президент таъбири билан айтганда: «Нимага ота-она репетитор топиб, боласини олий таълимга киритяп­тию, давлат бу соҳага қанча пул ажратмасин, мактаб битирувчиларининг 50 фоизи ҳам олий таълимга киролмаяпти?» Аёнки, мактабларда ўқитиладиган билим билан университетга кириш деярли имконсиз. Натижада, ота-она репетиторга ортиқча пул сарфлайди. Мактаб пулини солиқлар орқа­ли тўлаб қўйган бўлса ҳам! Ўқувчи вақтини репетиторда ўтказади. Хўш, мактабнинг вазифаси фақат ўқувчини бинода ушлаб туришдан иборатми? Қизиқ, мактаб етарли билим бермаяптими ёки ДТМ умуман бошқа нарсадан имтиҳон оляптими?

Тан олиш керак: таълим тизими деярли та­лабга жавоб бермаяпти. Ўқитувчини ўз устида ишлаб, тайёрланиб, кўнгилдагидек дарс ўтишига қўйишмайди. «Шўринг қурғур» кераксиз мажлисбозлигу ҳужжатбозликдан ортмайди…


Камига, синф раҳбарлиги ҳам бор. Олмасанг – мажбурлашади. У синф раҳбарлиги иши, устама папкалари, танловлар, тадбир­лар, мажлислардан ортиб, қачон хаёлини бир жой­га йиғиб, дарс ўтади? Оғир иш графиги туфайли юзага келган негатив, стресс кайфият ўқувчиларга ҳам таъсир этмас­лигига ким кафолат беради?

Мактабга келадиган комиссия учун ҳужжат тўғриланади. Ҳеч ким бола ҳақи­да, унинг ўқиши, қизиқишлари, келажаги, таълим сифати, қай йўл билан ўқувчининг фикрлаши, дунёқарашини ўзгартириш мумкинлиги ҳақида деярли гапирмайди. Ўқиш бошқа, уқиш бошқа. Қачон фарзандларимизга фикрни эмас, фикрлашни ўргатамиз а?

Бироз вақт олдин юқори минбарлар­дан: «Ўқитувчининг обрўси шун­дай бўладики, ҳатто вазир унга ҳавас қилади», – дейилганди. Лекин, ҳали ҳам муаллимларга кўплар беписандлик билан қарайди. Тўғри, аҳвол анча яхшиланди. Бир неча йил олдин, ўқитувчилар мажбурий меҳнатнинг энг олди «жангчилари» эди. Куз мавсумида иш кунлари дарс ўтиб, дам олиш кунлари пахтага чиқишарди. Бу ҳолатлар анча барҳам топди, барибир оғриқли нуқталаримиз бисёр.

Яқинда ижтимоий тар­моқларда бир воқеага кўзим тушди:
«Япониялик ҳамкасбим Яма­мотадан сўрадим:

– Сизларда ўқитувчилар куни қачон?

Бироз ҳайрон қолган Ямамота жавоб берди:

– Бизда ҳеч қандай ўқитувчилар байрами йўқ.

Ишонгим келмади. Наҳотки иқтисодиёт, фан, таълим, техника шу қадар тараққий этган мамлакатда ўқитувчиларнинг қадри бўлмаса?

Ямамота мени меҳмонга таклиф қилди. Уйи бироз узоқ бўлгани учун метрога тушдик. Жамоат транспорти лиқ тўла – зўрға кетяпмиз. Шу пайт бир киши ўрнидан туриб, иккимизга жой берди.

– Бўйнимиздаги ёрлиқдан ўқитувчилигимизни пайқади ва бу касбга ҳур­мати юзасидан бизга жой берди, – деди у фахрланиб.
Лол қолдим. Унинг уйига биринчи марта бораётганим учун, бирор совға олмоқчилигимни айтдим. Дўкондан чиқишда, сотувчи бизга имтиёз борлигини айтди.

– Японияда ўқитувчи – энг обрўли касб эгаси, энг ҳурматли шахс. Япони­ялик тадбиркорлар дўконига ўқитувчи кирса, бу билан фахрланишади!»

Мана ўқитувчиларнинг ҳурмат-иззати! Жамоат транспортида алоҳида ўриндиқ, улар учун имтиёзли дўконлар, жамиятда­ги юксак обрў-эътибор, транспорт чипта­лари учун навбатда турмаслик… бундан ортиқ нима керак?! Ўқитувчилар учун байрамнинг кераги ҳам йўқ, уларга ҳар куни байрам экан!

Юқоридаги масалага қайтсак. Бола нега репетиторга боради? Чунки мак­табдан ўзи истаган билимни ололмайди. Репетиторларнинг эса ўқитувчилардек бош оғриқлари йўқ. У комиссия, тад­бир, мажлис, ҳужжатларга вақт сарфламайди. Ўқувчиси келмаса, уйига бориб, ҳисобот тўлдирмайди, прокуратурама-прокуратура югурмайди. Дарсини сифатли ўтса бўлгани. Мактабдаги ўқитувчиларга ҳам шун­дай шароит яратиб, маошини оширсак, натижа бўлмайди, дейсизми?

Қачон масалага чуқурроқ ён­дашиб, конкрет ечимлар ишлаб чиқишни ўрганамиз, йўғе, ўрганасизлар, ҳур­матли амалдорлар?

Абдулазиз АҲМЕДОВ