Ўзбекистонда 11 ойда ерга оид қанча қонунбузарлик аниқлангани маьлум бўлди

Жорий йилнинг 11 ойи давомида Ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва ушбу ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморат қурилишига оид 15 416 та (2 496,5 га) қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Кадастр Агентлиги маълум қилди.

Агентлик томонидан мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф этиш бўйича 15 минг 416 та ер қонунбузилишини содир этган шахсларга огоҳлантириш хатлари юборилган.

Маълум қилинишича, шундан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда 8 395 та (1 911 га), аҳоли пунктлари ерларда 6 331 та (487 га), саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерларда 17 та (2 га), ўрмон фонди ерларда 31 та (3 га), сув фонди ерларда 83 та (2 га), захира ерларда 559 та (91 га)ни ташкил этади.

Ер қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан туман (шаҳар) ҳокимликларига 8 минг 500 та (1 минг 173 гектар) тақдимномалар киритилди. 2 минг 655 та (260,3 гектар) ҳолатда судларга киритилган даъво аризаларига асосан 496 та (26,7 гектар) ҳолатда суднинг ҳал қилув қарори (ноқонуний қурилмаларни бузиш бўйича) қабул қилинди”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, айни пайтда 2 минг 159 та (233,6 гектар) ҳолат бўйича суд жараёни давом этмоқда. Ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний чора кўриш учун 4 минг 720 та (805,9 гектар) ҳолат юзасидан прокуратура органларига маълумотлар тақдим этилиб, ҳозирги кунда бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.