Кун давомида ҳеч бўлмаса бир марта автоҳалокат ҳақидаги хабарга кўзингиз тушади. Ишга,ўқишга,уйга кетаркансиз йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаётганларни кузатасиз, эҳтимол ўзингиз ҳам тартиб бузувчилардандирсиз.
Кимдир қизил чироқда йўлни кесиб ўтади, бошқа биров пиёдалар йўлакчаси йўқлиги боис белгиланмаган жойдан ўтади. Ҳайдовчилар тезликни оширади, маст ҳолда машина бошқаради, телефонга жавоб беради… Натижада, бировнинг умрига зомин бўлади, ўз ҳаётини барбод қилади…
Велосипедда кетаётган 11 ёшли Абдураҳмонни Зангиота тумани Тарнов маҳалласидаги катта автомобил йўлида магазин олдидан чиқаётган Матиз туртиб юборади. Бола йиқилади. Тўғридан келаётган Зил юк машинаси эса болани босиб кетадию, шу заҳотиёқ16 -шифохонага олиб боришади. Абдураҳмоннинг оёғини кесиб ташлашади, узоқ операция қилишади, 4 кун комада ётади. Болажон дардга дош беролмай жони узилади.
Ўша куни шаҳарда ёмғир ёғаётган эди. Cобалт ҳайдовчиси катта тезликда олдидаги машинани қувиб ўтишга уринган. Автомобил йўлдаги бетон тўсиқ устидан учиб ўтиб, Лаcетти билан тўқнашган.Иккинчи машина жиддий шикастланган. Ҳайдовчи, 31 ёшли эркак ва йўловчи, 33 ёшли аёл, иккаласи ҳам жойида вафот этган. Яна бир йўловчи (25 ёш) жиддий жароҳат олди. Иккала қурбоннинг ҳам вояга етмаган фарзандлари бор.
Бу каби хабарларни узоқ давом эттириш мумкин.Вазият аянчли, йўлларда ҳар куни ўртача 4-5 одам ўлиб кетяпти ва энг ёмони, бу кўрсаткич ошишда давом этяпти.
Бугун шундай ҳолат юзага келдики, тинчлик замони бўлса-да, юрак ҳовучлаб кўчага чиқасиз. Энг ёмони, уруш давом этаётган давлатларда ҳалок бўлаётганларга ачинамизу, бироқ шундоққина ён-атрофимизда урушдагидан-да кўпроқ одам ўлаётганига бепарвомиз.
Биргина мисол:
2021 йилнинг дастлабки тўрт ойида мамлакатда 2242 та ЙТҲ қайд этилди. Бунинг оқибатида 1684 киши жароҳатланган, 557 киши эса вафот этган. Таҳлилларга кўра, апрел ойининг ўзида пиёдалар иштирокидаги авария — 318 тани, болалар билан боғлиқ ҳодиса эса — 148 тани ташкил этган.
Ҳар куни дунё бўйича 1,8 млрд. бола мактабларга боради. Ачинарлиси, уларнинг ўртача 500 нафари йўлларда автоҳалокат оқибатида уйга қайтмайди. Биргина 2021-йилнинг тўққиз ойида автоҳалокат туфайли вафот этган фуқароларнинг расмий сони пандемия бошлангандан бери коронавирусдан вафот этганлар сонидан кўп.
Хўш, бу «авария»ларнинг асосий сабаб нимада?
Автоҳалокатлар юзага келишига сабаб бўлган омиллар қаторида тезликни ошириш — 32,4 фоиз, пиёдалар ўтиш йўлаклари йўқлиги сабабли белгиланмаган жойдан ўтиш — 16,2 фоиз, устувор ҳуқуққа эга транспорт воситасини ўтказиб юбормаслик — 11,6 фоиз, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш — 9,3 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, 4 фоиз авария йўл ҳаракатини нотўғри ташкил этиш ва йўллардаги носозликлар, яна 4,1 фоизи эса велойўлаклар бўлмаган жойларда уларни уриб юбориш каби ҳолатларга тўғри келмоқда.
Қолаверса, ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги барча аварияларнинг 5,9 фоизига сабаб бўлган бўлса, рулда ухлаб қолиш 5,5 фоиз, автомобилни маст ҳолатда бошқариш 3,1 фоиз ЙТҲга олиб келган. Бошқа сабаблар билан боғлиқ ҳолатлар эса 7,9 фоизни ташкил этган.
Нега масъуллар жим кузатиб турмоқда?
Сир эмас, ҳамиша автоҳалокатлар олдини олиш ҳақида айтилади, тарғибот қилинади, тушунтиришлар олиб борилади. Бироқ натижачи? Таклиф берилади, танқид қилинади, аммо на Ички ишлар вазирлиги, на Парламент аъзолари муносабат билдиради. Лекин масала ижобий ҳал бўлмагунча гапиравериш бизнизнинг бурчимиз. Негаки юз бераётган бахтсиз ҳодисалар дастидан жим ўтириб бўлмайди.
Йўлларни хавфсиз қилиш учун нима қилиш керак?
Ҳеч бир жиноят айбдорсиз бўлмайди аслида. Юқоридаги каби воқеаларда асосий айб кимда, ёки нимада?
Аввало йўлларни хавфсиз қилиб лойиҳалаштириш лозим. Кенг кўчаларда пиёдалар ўтиш йўлаклари бўлиши, кўчалардаги қарама-қарши оқимлар бетон тоъсиқлар билан ажратилиши керак. Йўлларда Матизлар қатори автобуслар ҳам бемалол ҳаракатлана олиши керак.
Жазо муқаррарлиги таъминланиш энг муҳим масала. ГАИ кўрмайди, секин ўтиб кетаман дейишга имконият бўлмаслиги керак. Йўлларнинг камералар билан назорат қилиниб, қоидабузарларга кескин чоралар кўрилиши шарт. Ахир кичик тартиб бузилиши ҳам бир инсон умрига зомин бўлиши мумкин.
Ҳайдовчилар гувоҳномасини беришни коррупсиядан халос қилиш керак. “Права”ни ўқиб ва уқиб олган ҳайдовчи тезликни оширмайди, қизил чироқдан ўтмайди, пиёдаларга йўл беради, ёнчироқларни ёқиб ҳаракатланади ва энг асосийси, ўзаро ҳурматни сақлайди.
Шахруза Сатторова