Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтган фаоллар билан учрашувда давлат раҳбари кадрлар муаммосига тўхталиб ўтди.
— Мен нима учун ҳоким ёрдамчилари деган тизимни жорий қилдим, чунки ўзим учун яхши кадрлар қидириб юрибман. Мана, бугун ҳам сизлар билан суҳбатда янги кадрлар кашф қилдим, — дейди Ш. Мирзиёев.
У Тошкент вилоятида раҳбарликка тайинланадиган кишиларнинг тез ҳаволаниб кетиши, турли тарзда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишини таъкидлади.
Мирзиёев вилоятга янги тайинланган ҳоким унинг ишончини оқлаган раҳбарлардан эканини маълум қилган.
— Зойир Мирзаевни бекорга олиб келмадим бу ерга. Қашқадарё ҳам оғир вилоятлардан бири эди, аммо эплади. Тошкент вилоятида муаммолар кўплиги учун уни атайин бу ерга олиб келдим, — деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, Зойир Мирзаев 18-ноябрда Тошкент вилояти ҳокимлигига тайинланган эди.