Ҳозирги кунда яқин қариндошлар билан қуда-анда бўлиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Бунинг сабаби қариндош-уруғчиликни янада мустаҳкамлаш ва мол-мулкни бегоналар қўлига ўтиб кетишидан муҳофазалаш деб кўрсатилади. Лекин, тиббиёт олами олимлари яқин қариндошлар билан оила қуришнинг салбий оқибатлари кўплигини таъкидлашган. Унинг асосий сабаби турли ирсий касалликларнинг кучайиб кетишидир. Унинг олдини олиш катта аҳамиятга эга. Энг асосийси қон янгиланади.
Олимларнинг таъкидлашича, яқин қариндошлар никоҳи туфайли саксонга яқин касалликлар келиб чиқиши мумкин. Жумладан, йўлдош гематомаси, темир моддасининг ошиб кетиши, вазннинг кескин камайиб кетиши ақлий ўсишда ёки жисмоний ривожланишида салбий ҳолатлар юзага келиши кузатилади. Америка генетиклари яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳда ирсий касалликлар ва туғма нуқсонлар қон бир бўлганлиги учун оила қурганда кескин даражада ошиб кетишини таъкидлашади. Бегоналар оила қурганида эса кучли ген кучсиз генни енгади. Яъни иммунитети кучли бўладиган бўлса, бошқа томонни ўша касаллигига қарши тура олади.
Рақамларга юзланадиган бўлсак, 2021 йилнинг май-июнь ойларида қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш ҳолатлари ва унинг сабабларини ўрганиш мақсадида республиканинг 200 та туманида 6 974 та фуқаролар йиғини раислари ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказилди. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқармаси хабар берди.
Қариндошлар ўртасида тузилган никоҳлардаги оилаларнинг ҳаёти қандай кечаётганини аниқлашга қаратилган саволларга респондентларнинг 25,2 фоизида зиддият ва низолар учраб турганлигини, 24,9 фоиз оилаларда ногирон фарзандлар борлиги, 8,9 фоиз қариндошлик асосида қурилган оилаларда муаммолар мавжудлиги ва доимий қуда-андачиликдаги келишмовчиликлар бўлаётганлиги билдирилган.
Шунингдек, қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳнинг 58,1 фоиз бобо-бувилар, 56,4 фоизи ота-оналар, 14,3 фоизи тоға-хола ва амаки-аммалар, 13,2 фоизи опа-сингиллар, 1,2 фоизи ака-укалар ва 8,3 фоизи бошқа шахслар ташаббуси билан тузилиши респондентлар томонидан аниқланган.