ФВВ қутқарувчилари Самарқанд вилояти Ургут туманидаги кийим-кечак бозорида содир бўлган ёнғинни бартараф этди. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати маълум қилди.
Бугун, 24 декабрь куни соат 09:10 да “Мерганча” МФЙ ҳудудида жойлашган Ургут кийим-кечак бозорининг 6 та дўконида ёнғин содир бўлди. Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармасидан 6 та ёнғин ўчириш экипажи зудлик билан етиб борган. Ёнғин соат 09:27 да қуршаб олиниб, 10:14 да тўлиқ бартараф этилди.
Ҳодиса оқибатида дўконларнинг 100 кв.м майдони ёниб зарарланган. ФВВ ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида воқеа содир бўлган жойдаги бошқа дўконларга ёнғин ўтишининг олди олинди.
Ёнғин оқибатида жабрланганлар ва қурбонлар йўқ, дейилади хабарда.