Тошкент вилоятининг жами 7 минг 853 гектар ер майдони Тошкент шаҳрига ўтказилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев маълум қилди.
«Барчамизга маълум, Тошкент шаҳри аҳолиси сони йил сайин ошиб бормоқда. Бу эса азим пойтахтимизда янги ижтимоий соҳа объектларини қуриш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ташкил этиш, янги иш ўринларини яратиш, маданий ва дам олиш масканларини кўпайтириш чораларини кўришни талаб этади.
Бу каби муаммоларни ечимини топишда энг аввалги ўринда Тошкент шаҳри ҳудудини кенгайтириш масаласи турган эди. Шу ўрнида яна бир бор Олий мажлис палаталарига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Пойтахтимиз ҳудудини кенгайиши бўйича Палаталар ўзларининг қарорларини қабул қилдилар.
Унга кўра, Тошкент вилоятининг жами 7 минг 853 гектар ер майдони Тошкент шаҳрига ўтказилди. Бу ҳудудларда 41 тамаҳалла мавжуд бўлиб, уларда 100 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади», — дейди ҳоким ўз мурожаатида.