Аҳоли яшаш шароитларини янада яхшилаш, замонавий, энергатежамкор қурилган, сифатли уй-жойларга бўлган талабни қондириш мақсадида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилади.
Уларда 1 минг 536 хонадонли 24 та кўп қаватли уйлар, 3 та ижтимоий соҳа объектлари қурилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ма’лум қилди.
Ҳокимнинг айтишича, 2022 йилда Тошкент шаҳрида қуйидаги ишлар амалга оширилади:
• cпорт мусобақалари бўйича Осиё ва Жаҳон чемпионатларини ўтказиш мақсадида Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб Олимпия шаҳарчасини бунёд этиш бошланади;
• шаҳар хизматларини бошқариш, барча соҳаларда ўсиш жараёнини назорат қилиш, ресурсларни самарали тақсимлаш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида сунъий интеллект технологияларини қўллаган ҳолда пойтахтда “Ақлли шаҳар” лойиҳаси амалга оширилади;
• 2022 йилда50 км пиёда ва велосипед махсус “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилади;
• ёшларнинг янги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳурматли президентимиз ташаббусларига асосан, ‘Янги Ўзбекистон’ боғи атрофида ‘Заковат’ клубининг биноси ҳамда Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси барпо этилади.
Бундан ташқари, пойтахт ҳокими Тошкентда замонавий, кун-у тун фаолият олиб борадиган Учинчи ренессанс авлодлари номли кутубхона барпо этилишини маълум қилди.