Бизда бир анъана шаклланиб қолган. Халқимиз нима бўлса-да, боласининг университет талабаси бўлишини, кейин қўни-қўшни, таниш-билиш ичида ўзини обрўли кўрсатиб кўксини кериб юришни истайди. Лекин фарзандининг айнан қайси соҳага қизиқиши, у кирган олийгоҳ келажакдаги фаолиятида аҳамиятга эгами, йўқми бу қизиқ эмас.
Умуман олганда сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда олий таълимга киритиб қўямиз, чет элда грант асосида ўқийсиз дея, жар солаётган «бизнесменлар» кўпайиб кетаётгани сиз-у биз учун сир эмас. Афсуски, бу ҳолат Ўзбекистонда ҳам қайд этилган.
Мана шундай вазиятда таълим инспекцияси мамлакатда қонуний лицензияси бор нодавлат ОТМлар рўйхатини эълон қилиб, фуқароларни сохта ОТМлардан алданиб қолмасликка чақирмоқда.
Қайд этилишича, Valley Innovative University, Самарқанд–Корея халқаро университети, Ангрен–Корея интернасионал университети, Халқаро Европа университетлари ҳеч қандай лицензияга эга эмас.
Бундан ташқари, уларнинг айримлари ҳаттоки хорижда таълим олаётган ўзбекистонлик талабаларга ўқишларини Ўзбекистонга имтиҳонсиз кўчириш бўйича ваъдалар бераётганлиги айтилмоқда.
Қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ, Таълим инспекциясидан олий таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олмаган нодавлат ОТМлари томонидан берилган дипломлар тан олинмайди. Шунингдек, тегишли лицензияга эга бўлмаган ёки белгиланган тартибда аккредитасиядан ўтмаган таълим ташкилотлари томонидан берилган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар нафақат Ўзбекистон балки бошқа давлатлар томонидан ҳам тан олинмайди.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида 18 та нодавлат олий таълим ташкилоти фаолияти лицензияланди. Инспекция фуқароларга алданиб қолмаслиги учун ўзининг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ОТМ хизматини кўрсатиш бўйича лицензия олинган нодавлат ОТМлари ҳақида мунтазам тарзда маълумот бериб келинишини қайд этди.
Шу билан бирга, инспекция веб-сайтида Нодавлат таълим ташкилоти реестри мавжуд бўлиб, бу ерга лицензия олган ОТМ ҳақидаги маълумотлар мунтазам жойлаштириб борилади.
Шундай экан, жамиятимизда бўлаётган яхши ёмон ҳодислардан тўғри хулоса чиқариб, нима бўлган тақдирда ҳам огоҳ бўлиш керак. Эртага билимсиз, коррупсияхўр, халқнинг ланъатига дучор бўладиган раҳбарларнинг улғайишида ҳам аслида бизнинг ўзимиз сабабчи бўлиб қолмаяпмизмикан, ҳурматли ота-оналар?
Лайло Эсанмуродова тайёрлади