Шавкат Миромонович Қашқадарёдаги «Uzbekistan GTL» заводига ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад заводнинг очилиш маросимида иштирок этиш бўлган.
Давлат раҳбарининг ушбу завод очилишига алоҳида аҳамият қаратиши бежиз эмас: қачонлардир бўм-бўш бўлган ҳудудда бугун умумий қиймати 3 млрд. 420 минг АҚШ долларига тенг лойиҳа тўлиқ амалий суръатга кўчган.
Завод йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газни қайта ишлаб, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрлаш қувватига эга.
Ш. Мирзиёев завод қурилишига жиддий муносабатда бўлган. Фикримизни 2017 ва 2018 йилги қурилиш жараёнларига ташрифлар ҳам исботлайди.
Бу сафарги ташрифда Шавкат Миромонович мажмуа бўйлаб юриб, технологик жараён билан танишди, бошқарув марказида ёш мутахассислар билан суҳбатлашди. Уларнинг ойлик маоши, яратилган шароитлар, иш жараёнидаги муаммолар бор-йўқлиги билан қизиқди.
Завод очилишига бағишланган тадбирда сўзлаган нутқида Шавкат Мирзиёев муҳандисларни алоҳида эътироф этиб, уларни келажакнинг «олтин заҳираси» дея атади.
Бунинг учун барча шароитлар яратилиши, аввало, Қашқадарёда ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш янгича ёндашув асосида ташкил этилиши таъкидланди.
Ҳудуддаги барча касб-ҳунар марказлари Шўртан газ-кимё мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш ва янги GTL заводларига бириктирилади.
— Илк марта бу ерга келганимда бу жойлар дала эди. Мана, ҳозир биз қандай улкан мураккаб жараённи амалга оширдик! Бу ишларнинг катта қисми — 80% ини ўзимизнин қоракўзларимиз амалга оширди. Мен ишонаман, ҳали биз Қорақалпоғистонда, Бухорода мана шунга ўхшаш кластерларни яратамиз, — деди давлат раҳбари.
Маросим доирасида яна бир корхона — Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини 3 баробарга кенгайтириш бўйича лойиҳа қурилишига ҳам старт берилди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга сафари якунланди.