Ўзбекистонда фуқарони текшириш учун ИИБга олиб бориш тартиби бекор қилинади

Ўзбекистонда 2022-йил апрелга қадар “Э-патрул” тизими жорий этилиб, текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш ўрнига барча маълумотларни жойида текшириш тартиби йўлга қўйилиши мумкин. Бу ҳақда “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026-йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги президент фармони лойиҳасида сўз боради.

Тараққиёт стратегиясида адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2022-йилда:

ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартибини жорий этиш;

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни ҳисобга олиш бўйича ягона электрон реестр юритилишини йўлга қўйиш;

“Э-патрул” тизими жорий этилиб, текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш ўрнига барча маълумотларни жойида текшириш тартибини йўлга қўйиш;

қарори, ҳаракати (ҳаракацизлиги) ноқонуний эмаслигини судда исботлаш мажбурияти, уни қабул қилган мансабдор шахснинг ўзига юклаш тартиби – “айбдорлик презумпсияси” ва “суднинг фаол иштироки” тамойилларини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ҳужжат лойиҳасида ички ишлар органлари патрул-пост хизмати ходимларининг фаолиятини бодикамера ёрдамида назорат қилишни йўлга қўйиш, патрул хизматини авто ва мотопатрул шаклига ўтказиш орқали нарядларнинг мобиллигини ва ҳодиса жойига тезкорлик билан етиб боришини таъминлаш назарда тутилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш ваколати Миллий гвардияга ҳам берилиши мумкинлиги, Ўзбекистонда ҳарбийлаштирилган соқчилик ва қоровуллик бўлинмалари ташкил этилишитўғрисида хабар берилганди.