Қашқадарёда 14 декабрдан буён «махсус» топшириқ асосида чигит чиқарилмаяпти. Биржа орқали тикет ютиб, пулларини ҳам ўтказиб қўйган Каттақўрғон шаҳри ва Тайлоқ туманидан тадбиркорлар ҳам чигитини ололмаётганини маълум қилишди.Қашқадарё вилоят ҳокимлиги мазкур ҳолатда юкни сотиб олган томон ҳужжатларида камчилик мавжудлигини рўкач қилган. Бироқ вилоят ҳокимиятининг муносабати амалдаги қонунчилик талаблари бўйича ҳеч бир танқидга жавоб бера олмайди.
Ушбу масала юзасидан ижтимоий тармоқларда турли фикрлар билдирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ушбу ҳолат назоратга олинган бўлиб, чигитни «Умекей» постидан ўтказилмаётганлиги юзасидан Қашқадарё вилояти ҳокимияти ва Қашқадарё вилояти ИИБга сўровнома юборилган.
2020-йилда ҳам 3 та вилоятда бу каби ҳолат кузатилган. Қўмита томонидан 2020 йил 27 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Рақобат тўғрисидаги қонунининг 12 моддаси талаблари бузилганлиги ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225 сонли қарорига мувофиқ Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоят ҳокимликларига ҳамда ушбу вилоятларнинг ИИБларига нисбатан Қўмита томонидан 2020 йил 27 ноябрда иш қўзғатилган.
Қонунчилик талаблари бузилганлиги ўз тасдиғини топганлиги сабабли ҳокимликларга ва вилоятларнинг ИИБларига нисбатан Қўмитанинг қарори қабул қилинган ва кўрсатмаси берилган. Шунга қарамай, Қашқадарё вилоятида бу каби ҳолат қайта кузатилмоқда.
Ҳозирги кунда Қашқадарё вилоятининг тегишли корхоналари томонидан биржа савдоларига қўйилган чигит маҳсулотлари биржа орқали тадбиркорлик субектлари томонидан сотиб олинганлигига қарамай, ушбу чигит маҳсулотларини вилоят ҳудудидан олиб чиқишда тўсиқлар борлиги норозиликларга сабаб бўлмоқда.
Ҳолат юзасидан Қўмитага ҳам мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлар Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда Монополияга қарши қонунчилик ҳужжатлари доирасида чора кўриш учун ўрганилмоқда. Ҳолат юзасидан: «Муротжон Азимов ҳаракатлари қонуний назоратга олинади», — дея муносабат билдиради Монополияга қарши курашиш агентлиги.