Ижтимоий тармоқларда 7 январ куни пойтахтда ЙҲХ ходимларига қаршилик кўрсатиб, «сичқон-мушук» ўйнаган Малибу-2 воқеаси кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Баъзилар ушбу машинада қўшни Қозоғистондан бир гуруҳ фуқаролар чегарани бузиб ўтгани ҳақида саросимали тахминлар илгари сурилди.
Видео қайд этиш мосламасига тушиб қолган тасвирларда ЙПХ ходимларининг тўхташ ишорасига қарамасдан чорраҳадан ҳаракатланишда давом этгани тасвирланган. Унинг ортидан махсус хизматларга қарашли УАЗ Патриот қувиб кетган. Орадан кўп ўтмасдан ортига қайтган Малибу машинасини органлар ходимлари ўраб олишган. Шундан сўнг, УАЗ Патриот келиб, унинг йўлини тўсган. Тўппончадан ўқ узилишлар овози эшитилган.
Ходимлар ўраб олишига қарамасдан ҳайдовчи ҳаракатда давом этиб, чорраҳадан ўтиб кетади. Автомобилга қарата яна ўқ узишгани эшитилган. УАЗ Патриот яна унинг ортидан кетади. Жами 10 марта атрофида ўқ товушлари эшитилган.
ИИВ матбуот котиби Ш. Ғиёсов расмий баёнот бериб, барчаси қонун талабларига мувофиқ бартараф этилганини маълум қилди.
Унга кўра, соат 15:00 атрофида Юнусобод тумани Янги шаҳар кўчаси бўйлаб спиртли ичимликлар таъсирда кучли маст бўлган, 1976 йилда туғилган фуқаро А. А. ЙПХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган ҳолда, ўзгалар ҳаётига хавф солиб, қочишга уринган.
Шундан сўнг, ЙҲХ ходимлари, қонунда белгиланган тарзда, ҳайдовчининг ноқонуний ҳаракатлари келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларни олдини олиш мақсадида ўқ отар қурол қўллаганлар.
Ушбу ҳаракатлардан сўнг автотранспорт воситаси мажбурий тарзда тўхтатилган ва ҳайдовчи зарарсизлантирилган.
Айни дамда, мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Қўлланилган ўқ отар қуролдан ҳеч ким жароҳатланмаган.
Шу ўринда, қонунчиликда қайси ҳолларда ўқ отар қуроллардан фойдаланиш мумкинлигини кўриб чиқсак.
Аслида, бундай вазиятлар айтарли даражада кўп эмас. Хусусан, қуролли қаршилик вақтида, ҳокимият вакили ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахснинг қонуний талабларига бўйсунмай, қочишга уринганда, ўз-ўзини ҳимоя қилиш мақсадида, зарурий мудофаа чегарасида оғир шикаст етмаган ҳолда ўқ узиши мумкин.
Охирги пайтларда ЙПХ ходимларига бўйсунмасдан ҳаракатланувчи, йўл қоидасини кескин бузувчи ва машинасига ортиқча мосламалар ўрнатиб реклама қилувчи «ҳайдовчилар» ҳам учраб турибди. Бундай ҳолатлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Улар кимнинг эркатойлари, уларга ким бу каби эркинликка кафолат бермоқда?
Аввалроқ ҳам пойтахтда қора «Малибу» машинаси бир қўнғироқ билан ўтиб кетгани, ушбу ҳолат янаги сафар қизил рангли «Малибу» автомобили билан ҳам такрорлангач, бу русумли машиналарга қандай имтиёз борлиги кишини беихтиёр қизиқтириб қўяди. Халқда «бир қилган икки қилар, икки қилган – одат» деган нақл бежиз эмас, ахир…
Мавзуга оид: