Яқин кунларда телеграм ижтимоий тармоқларида Навоий вилояти Зарафшон шаҳри кўчаларида байрамдан сўнг ахлатлар девордан ошиб кетганлиги юзасидан кўплаб мурожаатлар бўлиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Шундан сўнг Зарафшон шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати мазкур мурожаатлар Зарафшон шаҳар Экология инспексицияси томонидан жойида бориб ўрганилгани ва ушбу муаммо ўз вақтида бартараф этилганини маьлум қилган.
Айнан ушбу масаласи юзасидан Ogoh.uz га мурожаат келиб тушди. Исми сир сақланишини хоҳлаган фуқаро ҳокимият томонидан ёлғон кўрсатма берилганлиги, Зарафшон шаҳри атрофидаги кўпқаватли уйлар учун қурилган чиқиндихоналар янги йилдан бери ҳали умуман тозаланмаганини таькидлаб ўтди.
Шунингдек, ахлатхоналар кўп қаватли уйларнинг пастки қисмида, лифтга яқин жойлашгани айтилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан тоза ҳаво ифлосланишига сабаб бўлиши, ҳаттоки аҳоли яшаш хонадонларигача бадбўй ҳид кириб бориши яхшигина маълум. Яшаш уйларга яқин ахлатхоналар сабабли аҳоли орасида турли инфецион касалликлар тарқалиши кузатилишини эса ҳеч ким инкор эта олмайди.
Одатда, қандай муаммо бўлмасин, «Қарс икки қўлдан чиқади» тамойили асосида қарашга ўрганиб қолганмиз. Бир тарафдан мана шу даражага келгунича аҳоли сабабчидай кўринади, аммо улар ахлатларни тўғри келган кўчага улоқтириб кетмасдан махсус белгиланган жойга ташлаган-кў? Ҳокимият раҳбарининг эса ёлғон кўрсатма беришига сабаб нимада?
Минг марта гапиргандан кўра, бирга марта кўрган яхши деганларидек, мурожаатчи томонидан йўлланган расмларни эътиборингизҳа ҳавола этиб ўтамиз.
Мазкур ҳолат бўйича Навоий вилояти Зарафшон шаҳри масъулларидан вазиятга ойдинлик киритишини сўраб қоламиз!
Лайло Эсанмуродова