ЙПХ инспекторларини кўпроқ «протокол» тузишга мажбурламоқда

Қашқадарёлик бир гуруҳ ЙПХ инспекторлари томонидан мурожаат йўлланди. Мурожаат эгалари шахсини сир тутишимизни сўраб, Қашқадарё йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбариятининг айрим хатти-ҳаракатлари меҳнат қонунчилигига зид эканини айтади.

https://youtu.be/M-MUQcf0FQ4

«Инспекторларга ярим тунда, навбатчилик қилиш билан бирга уйма-уй юриб, қарздорлик ундириш вазифаси ҳам юкланмоқда. Ҳар биримиз бир кунда 20 та байёнома тузмасак, раҳбарият кеч соат 23:00да «разбор» қилади. Биз ҳам одам. Бизда ҳам оила бор. Уйимизга, болаларимиз олдига боргимиз келади. Лекин қўйилган юкламаларни бажараман деб уйга ярим тун соат 3 ва 4 та кириб келамиз», – дейди инспекторлардан бири.

Маълум бўлишича, топшириқлар асосан Қашқадарё вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳриддин Қўшоқов томонидан берилади. Унинг қонунга зид равишда берган топшириқлари аудиоси мавжуд.

«Биз Қашқадарё вилояти ЙҲХБ бир гуруҳ инспекторлари томонидан мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Бошлиқ ўринбосари Ш. Қўшоқов бизни ҳар кун «20 та баённома ёзасан, маст ҳайдовчи ушлайсан» деб юклама қўйилмоқда.
Ўзингиз биласиз, бизда алкотестер йўқ. Ҳозир пандемия вақти бўлса, бирор бир касал юқтириб олсак нима бўлади? Мана ҳозир тунги соат 22:58 дам олиш куни, ҳали жавоб бўлгани йўқ»,- дея қўшимча қилади яна бир инспектор.

«Президентимиз томонидан берилаётган 10% баённома пули ҳам тўхтатилиб қўйилган. Хизмат автомашиналарига бензин берилмаяпти. Раҳбарлар учун ёқилғи берилади. Бизга йўқ» ,- дейди исмини сир тутишини сўраган ходим.

Топшириқлар аудиосига эътибор қаратадиган бўлсак, Шаҳриддин Қўшоқов вилоят прокурори раҳбарлиги остида йиғилиш ўтказилганини, жарималар йиғиш бўйича ЙПХ ходимларига топшириқ бўлгани, кўпроқ баённома расмийлаштириш кераклигини айтади.

Яна бир аудиода эса уйма-уй юриб, қарздорликни йиғиш вазифаси қўйилади. Бундан ташқари, бир кунда 20 та баённома тузмаган ходим жазоланиши эслатилади.

Мурожаат қилган барча инспекторлар ўз шахсини сир тутишимизни сўрашди. Улар бу қилинган мурожаат туфайли раҳбарият томонидан босим ва таҳдид остида қолишдан қўрқишмоқда.

Сайтда мазкур раҳбариятнинг аудио орқали берилган барча топшириқлари айни пайтда мавжуд. Уларни бирма-бир эълон қилиб борамиз. Ва бу ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлигидан изоҳ кутамиз.