Қизил хавф чироғи: ССВ тадбиркорларга мурожаат билан чиқди

Маълумки, CoVID-19 вирусининг «Omicron» штамми юртимизда аллақачон аниқланган. Шу билан биргаликда, эпидемиологик вазият кун сайин жиддийлашиб бормоқда.
Бутун дунё пандемиянинг навбатма-навбат бостириб келаётган тўлқинлари остида қолмоқда.
Шундай вазиятда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги юртимизда фаолият юритадиган тадбиркорларга жорий йилнинг 20 январига қадар ўз қўл остидаги ходимларининг эмланишини таъминлашини сўраб чиқди.
Мурожаатда нафақат ходимларнинг эмланишини ташкил этиш, шу билан бирга, эмланмаган мулозимларнинг ишга келишларига йўл қўймасликка чақирилган. Фақатгина эмлашга қарши тиббий кўрсатмаси бўлган фуқаролар бундан мустаснодир.
Шу билан биргаликда, ваксинация жараёнини жадал кечишини таъминлаш учун январ, феврал, март ойларида эмланган фуқаролар ўртасида лотерея ўйини ҳам ташкил этилади. Унга қимматбаҳо совринлар ва бош соврин сифатида автомобил қўйилган.
Маълумот учун, эмлаш мутлақо бепул бўлиб, йигирма нафардан ортиқ эмланувчиси бор ташкилотларга сайёр эмлаш бригадалари жалб этилиши ҳам кўзда тутилган.
Шуни унутмаслик керакки, баъзи жараёнларни бутунлай бартараф этиб бўлмайди. Аксинча, унга мослашиш ва кўникиш керак. Бугунги кунда ваксина олиш ана шу мослашувнинг энг мақбул йўли бўлиб қолмоқда! Ўзингиз ва яқинларингизни асранг. Эмлашни эса, кечиктирманг.

Камолиддин Абдуазиз ўғли